Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқувчи O‘zLiDePнинг олдидаги устувор вазифалари муҳокама қилинди (ВИДЕО)

28.12.2017, 19:41

Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқувчи O‘zLiDePнинг олдидаги устувор вазифалари муҳокама қилинди (ВИДЕО)

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи партиянинг олдидаги устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Мурожаатномасидаги барча фикрлар ва ташаббуслар ягона эзгу мақсад – халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттиришга йўналтирилган тарихий ҳужжатдир. Унда тараққиётимизнинг янги даврини бошлаб берган 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар сарҳисоб қилиниб, мамлакатимизни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Бу борада аниқ вазифалар белгиланиб, йўл қўйилган камчиликлар холисона ва асосли танқид қилинди.

Қайд этиш керак, Мурожаатномада кўплаб масалалар қатори миллий парламент ва маҳаллий кенгашлар, сиёсий партиялар, давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини янада юқори савияга кўтариш масаласи ҳам кенг муҳокама этилди. Мурожаатномада айтилган фикрлардан келиб чиқиб Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам ўз фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқмоқда. Жумладан, кейинги йилда партиянинг барча ҳудудий ташкилотлар, қуйи бўғин аъзолари ва жамоатчилик ўртасида Президентимизнинг тарихий Мурожаатномасини кенг муҳокама қилишга ва муҳокамаларда O‘zLiDeP фракцияси ҳамда депутатлик гуруҳлари аъзоларининг иштирокини таъминлашга ҳаракат қилади. Бунда шунчаки қуруқ тадбирбозликдан, умумий гаплардан қочиб, кўпроқ масаланинг моҳиятини очиб беришга эътибор қаратади. Шунингдек, партия ҳудудий Кенгашлари, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ва жонли мулоқотларда билдирилган фикрларни умумлаштириш ва қонунчиликка киритишни устувор вазифа сифатида қарайди.

Мурожаатномада давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия мазкур соҳани ислоҳ қилишда ҳам фаол иштирок этишни режалаштиряпти. Жумладан, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш 2018 йилдаги устувор вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу ишларни келгуси йилнинг биринчи чорагидан кечикмасдан амалга ошириш режалаштириляпти.

Бундан ташқари, Давлат идораларининг фаолиятини холисона баҳолаш имконини берадиган аниқ мезонларни ишлаб чиқишда фаол қатнашиб, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ҳамда соҳага оид бошқа қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида таклифлар тайёрлаш, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш борасида асосли таклифлар тайёрлаш партиянинг 2018 йилга мўлжалланган иш режасидан ўрин олган.

O‘zLiDeP, Мурожаатномада таъкидланган масала – ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашади. Зотан, бу партия дастури ва сайловолди Платформасидаги устувор йўналишлардан биридир. Тадбирда партия бу йўналишда ҳам мамлакат Президенти Мурожаатидан келиб чиқиб бир қатор янги лойиҳаларни режалаштираётгани таъкидлаб ўтилди.  

Қўшма йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилгани O‘zLiDeP зиммасига улкан масъулият юклаши таъкидланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бундай янги концепциянинг илгари сурилиши глобал аҳмиятга эга. Чунки, тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида ўзининг келажаги тўғрисида қайғураётган давлат айнан инновацион ривожланишга урғу бераётгани бежиз эмас. Мана шу фикрнинг ўзиёқ таклиф этилаётган йил номи замирида қанчалик чуқур маъно, аслида мутлақо янги тараққиёт моделига ўтиш асослари ётганини яққол кўрсатади. Жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида илгари сурилган мутлақо янгича ёндашувлар, хусусан, икки йилгача тадбиркорлик субъектларини текширишга мораторий ўрнатилиши, тадбиркорлик субъектларини турли таъсирлардан ҳимоя қилиш борасида илгари сурилган бир қатор ташаббуслар юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантиради.

Мурожаатнома тилга олинган мазкур фикрлардан келиб чиқиб,  O‘zLiDeP “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Венчур тадбиркорлиги тўғрисида”ги, ҳамда “Технологик парклар (технопарклар) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби вазифаларни ўз чора тадбирлар режасига киритди. Бундан ташқари, “Ўзбекистонга инвестициялар киритиш даври келди (“Время инвестироват в Узбекистан”)” шиори остида потенсиал инвесторлар ҳамда экспортчилар учун мўлжалланган махсус веб-сайт (портал)ни ишга тушириш, ҳудудларни субвенсиядан чиқаришнинг ички имкониятларини ўрганиш, бунда тадбиркорлик ва инвестицион муҳитни яхшилаш борасида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилаётган ишларни Жиззах ва Бухоро вилоятларида давом эттириш партиянинг галдаги фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан саналади.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб O‘zLiDeP чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2874
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+