Сувнинг оқишига боқ, халқнинг хоҳишига

18.02.2020, 16:46

Сувнинг оқишига боқ, халқнинг хоҳишига

Халқда топиб айтилган шундай мақол бор. Бугун бу мақолнинг мағзини яхши англаган депутатларимиз ўз сайловчиларининг хоҳишига, муаммоларига қулоқ тутишмоқда.

Узун туманидаги "Янги йўл" маҳалласида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Алишер Рўзиев ҳам ўз сайловчилари билан учрашди. Унда депутат маҳалла аҳлини қийнаётган муаммолар билан қизиқди.

Учрашувда маҳалла фуқароси Ҳамроқул Ражабов ишга жойлашиш, Анвар Ражабов ва Зокир Хаитовлар эса тадбирколигини ривожлантириш учун тижорат банкидан имтиёзли кредит олишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

- Бугунги кунда “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5- “Гулғунча” мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда, — дейди Алишер Рўзиев. — Бироқ ушбу ташкилот маҳалладаги барча боғча ёшидаги болаларни қамраб ололмайди. Фарзандини боғчада тарбияланишини истовчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун мазкур ташкилотда яна 2 та қўшимча гуруҳ очилиши юзасидан маҳалла аҳли мурожаат қилишди. Шундан сўнг, 5-“Гулғунча” МТТга бориб, ўрганилганда, бинода барча шароитлар яратилгани, лекин боғча биноларидан битта корпусида пардозлаш ишлари якунланмагани ойдинлашди.  Шундан келиб чиқиб, ташкилотда яна 2 та гуруҳ очилиши ва тугалланмаган корпусни охиригача таъмирлаш бўйича вилоят мактабгача таълим бошқармасига депутатлик сўрови чиқарилди. Яна бир масала, маҳалладаги “Ёшлик” кўчасидаги симёғочларнинг аксарият қисми қўлбола қилиб ўрнатилган ва симлари эскириб қолган. Уларни янги симёғочларга ва симларга алмаштириш бўйича ҳам мутахассислар, тегишли ташкилотлар билан боғланиб, унинг ижобий ечими учун ҳаракат қиляпмиз.

Учрашув давомида М.Сафарова Ёшлик кўчасига тош тўкилиши кераклигини, куз-қиш мавсумида лойгарчиликдан одамлар азият чекишаётганини айтди. Маҳалланинг яна бир фуқароси Феруза Хўжанова  2 ёшгача бериладиган бола пулини олишда, Исмоил Ниёзов эса маҳаллада ичимлик суви, газ олиб келиниши ҳамда қабристон қурилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Ўрганилган барча масалалар юзасидан депутатлик сўровлари чиқарилиб, уларга ечим топилиши белгилаб олинди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    772
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+