Тадбиркорлик ва қурилиш соҳасидаги муаммолар ечимига бағишланган мулоқот ўтказилди

25.02.2020, 19:19

Тадбиркорлик ва қурилиш соҳасидаги муаммолар ечимига бағишланган мулоқот ўтказилди

Чирчиқ шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими ва партиянинг Тошкент вилоят кенгаши томонидан хусусий тадбиркорлик ва қурилиш бизнесини ривожлантириш, ундаги муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган амалий мулоқот ташкил этилди.

Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинишида ҳам мамлакатимизда барча соҳалар қатори иқтисодиётимизнинг асосий бўғини ҳисобланган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, ушбу соҳага янги технологияларни жалб қилиш, шу орқали иқтисодиётимизни юқори босқичга олиб чиқиш устувор аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда партия жойларда ўз электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан мулоқотлар қилиб, соҳани янада ривожлантиришга ва муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ ечимлар изламоқда.

Йиғилишда мамалакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида эришилган ютуқлар, уларга яратиб берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди. Бугун кунда эришилган ютуқлар билан бир қаторда ушбу соҳада ечимини топиши лозим бўлган баъзи муаммолар кўзга ташланаётганлиги таҳлил қилиб ўтилди.

Хусусан, статистик кўрсаткичлар таҳлил қилинганда, кўрсаткичларимиз умумий тарзда ўсган, лекин, иқтисодиётимизнинг катта қисмини ташкил қилувчи кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш эътибордан четда қолаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Бунда албатта, ҳудудлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги умумий улуши юқори кўрсаткични ташкил этган бўлсада, бироқ ҳар бир тадбиркорлик субъектларига маҳсулот улуши кам кўрсатгични ташкил этаётганлиги таҳлилларда намоён бўлиб қолмоқда.

Бу эса соҳани ичига кириб, корхоналар билан якка тартибда ишлаш лозимлигини кўрсатмоқда. Агар барча соҳадаги корхоналаримиз барқарор фаолият юрита олса, нафақат иқтисодий самарага, балки кўплаб ижтимоий муаммоларга ечим топилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда тадбир иштирокчилари томонидан ҳудудларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳокимликдан тортиб тегишли мутасадди ташкилотларнинг ҳам масъулиятини ошириш, ҳар бир туман ҳокимлиги бюджетига қўшимча даромадларни таъминлаш учун ўзи изланиши, бу йўлда тадбиркорлар сонини кўпайтириб бориш, одамларни ишбилармон қилиш, тадбиркорларга шароит яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

O‘zLiDeP сайловолди дастурида хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида қаратилган бўлиб, партия ушбу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга, тадбиркорларимизга янада имкониятлар яратиб берилишига, ҳар бир масалада парламент ва депутатлик назоратини янада кучайтиришга астойдил ҳаракат қилади.

Мулоқот давомида қурилиш бизнесини ривожлантириш, бу борадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу борада тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Муҳокамалар жараёнида қурилиш соҳасида коррупция ҳолатларининг юқорилиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қурилиш ишларига аралашувнинг кўплиги ва объектни қисқа муддатда топширишга қўйилаётган талаблар иморатларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди.

Тадбир давомида тадбиркорлар ва ишбилармонлар соҳадаги баъзи муаммолар, тўсиқлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Муҳокамалар қилинган барча масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бизнес тузилмалари

ва фермерлар билан ишлаш бўлими

  • Кўрилди
    1521
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Rustam2020-07-30 20:00:28

Шахсий бизнес ун Канака кп и каттан осам болади магазин очмохчидм


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+