Термиз туманидаги тадбиркорларни нима қийнаяпти?

28.02.2020, 16:12

Термиз туманидаги тадбиркорларни нима қийнаяпти?

Хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Термиз тумани ҳокими Шухратжон Ўринов билан тумандаги ишбилармонлар ва тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолари билан қизиқишди.

— Ўзим яшаётган уйда 8 хона бўш турибди, — дейди тумандаги “Кокилдор ота” маҳалласи фуқароси Озода Аллаёрова. — Уй-боғча очиш ниятидаман. Қолаверса, турмуш ўртоғим билан бирга яқинда маҳалламиз ҳудудида янги дўкон қуриб, ишга туширдик. Энди унинг ёнидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси  ҳам очмоқчимиз. Булар учун бизга имтиёзли кредит олишимизда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилдим. Туманимиз ҳокими ҳамда Қонунчилик палатаси депутати Актам Хаитов амалий ёрдам кўрсатишини айтишди.

— Кўп йиллар Россия давлатида ишлаб, пулимга 10 та тикув машинасини сотиб олгандим, — дейди “Гулбаҳор” маҳалласида яшовчи Ҳусан Бобомуродов. — Тикувчилик цехи очмоқчиман. Бунинг учун жойим бор. Аммо маҳсулот олиб, цехни ишга тушириш учун 150 миллион сўм атрофида имтиёзли кредит олишим керак. Ушбу мурожаатимни ҳал қилиб берадиган бўлди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар писта-бодом, шунингдек, иссиқхонада полиз маҳсулотларини етиштириш бўйича ер-майдони ажратилиши, таъминотчи ташкилотлардан арзон уй-жой қуриш учун сарфлаган маблағини ололмаётган тадбиркорлар йўл-йўриқ сўрашди.

— Бугунги кунда Термиз туманида тадбиркорларнинг сони анча ортган, — дейди туман ҳокими Шухратжон Ўринов. — Мисол учун туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорларимиз томонидан тўланадиган солиқ миқдори 2017 йилга нисбатан бу йил 3 бараварга кўпайган. Бу туманнинг иқтисодий ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳам биз бугун тадбиркорлик қиламан, деган барча ишбилармон доира вакилларига кўмакдош бўлишга ҳаракат қилаяпмиз.

Учрашув ниҳоясида йиғилганларга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳомийлиги асосида чоп этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини очиқ ва ёпиқ усулда етиштириш илмига доир қўлланмалар тарқатилди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1202
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+