O‘zLiDeP фракцияси аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди

05.01.2018, 17:41

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди

2018 йил 5 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Дастлаб, фракция аъзолари ишни «Медиация тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Қонун лойиҳаси медиаторлар иштирокида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси суд тизимида иш ҳажмини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида низоларни судгача ҳал қилиш соҳасида юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимли ва комплекслилиги таъминланади, шунингдек низоларни судгача ҳал қилишни амалга оширишда самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш, медиация институтининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини аниқлаб беришга хизмат қилади.

Депутатлар кун тартибидаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси давлат харидларини тартибга солиб, амалиётда мавжуд қарама-қаршилик ва эскирган қоидаларни бартараф этишга, давлат харидларининг махсус ахборот портали орқали давлат харид тизимини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, харид қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштиришга қаратилган яхлит қонун ҳужжатини ишлаб чиқишдан иборат.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида келгусида бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек Ҳукумат кафолати билан кредит ресурсларидан максимал даражада фойдаланиш, давлат секторини оқилона муддатларда зарур товар, ишлар ва хизматлар билан таъминлаш, рақобат асосида давлат харидларини амалга оширишнинг очиқ механизмни белгилаш, давлат харидлари учун тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Лойиҳада давлат харидлари бўйича миллий тажриба, халқаро амалиёт, шу жумладан Бирлашган миллатлар ташкилотининг Халқаро савдо бўйича комиссияси (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилиги, Европа Иттифоқи, Россия Федерацияси, кўп тарафли ривожланиш банклари қонунчилигининг асосий қоидалари, давлат харидлари бўйича энг яхши амалиётлари инобатга олинган.

Мазкур қонун лойиҳасида умумий қоидалар, давлат харидлари соҳасида давлат томонидан тартибга солиш, давлат харидлари жараёнига қўйилган умумий талаблар, харидларни электрон дўкон, аукцион, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари, тадбиркорлик субъектларига преференциялар берилиши, харид қилиш тартиб-таомилларини назорат қилиш, шикоят қилиш механизми, давлат харидлари масалалари бўйича низо ва қарама-қаршиликларни ҳал қилиш кўзда тутилган.

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш, мамурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилишгача жавобгарликни кучайтириш масалалари назарда тутилган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар дарёлар ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб чиқариш учун шарт-шароитлар яратмоқда.

Шу муносабат билан, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузган фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга ўттиз бараваридан етмиш бараваригача, шунингдек мазкур ҳолат бўйича такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорини фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эллик бараваридан юз бараваригача кўтариш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан «Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида», «Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисида Шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ҳам биринчи ўқишда ҳар томонлама кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Юқоридаги қонун лойиҳалари O‘zLiDeP Сайловолди платформасида назарда тутилган Партиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш соҳасидаги, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақобатдошлигини ошириш борасидаги ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор вазифаларига тўлиқ мос келиши билан аҳамиятлидир.

Йиғилиш давомида фракция ваколатига кирувчи бир қатор бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг аниқ позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1696
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+