Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилади

08.04.2020, 10:30

Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилади

Юртимизда эришилаётган ҳар бир ютуқларимизда, амалга оширилаётган эзгу тадбирларимизда соғлиқни сақлаш ходимларининг ўз ўрни, мавқеи бор, албатта. Чунки халқ саломатлиги бўлмаган жойда жамият ҳам тараққий этмайди.

Бугунги кунда барча ҳамюртларимиз тиббиёт заҳматкашларининг олиб бораётган мардонавор ишларига тасанно айтмоқда. Боиси барчамизга аёнки, улар коронавирус касаллигига чалинган юртдошларимиз саломатлигини тиклаш йўлида кеча-ю кундуз тиним билмай меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг шарафли меҳнатлари ҳамиша Юртбошимиз томонидан юксак баҳоланиб келинган. Жорий йил 7 апрел куни Президентимиз томонидан имзоланган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам тиббиёт соҳасида профессионал мутахассисларни таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Қарор билан мамлакатимиздаги тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилиши, ёш мутахассисларда Тиб илмининг султони изидан бориб, етук шифокор бўлишлари йўлида янада ватанпарварлик руҳини бахш этиши шубҳасиз.

Айниқса, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлиши ҳам мамлакатимизда жонкуяр шифокор-врачларнинг етишиб чиқишида муҳим пойдевор вазифасини бажаради.

Мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетларнинг очилиши эса юртимизда тиббиёт соҳасининг янада ривожланиши йўлида пухта замин яратади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори мустақил юртимизни малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, соҳадаги камчиликларни бартараф этиш ва эгнидаги кийими каби оқ кўнгил шифокорларга кўрсатилаётган эътибору эътирофнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Нафисахон ЭЛЧИЕВА,

O'zLiDeP Фарғона вилояти

Кенгаши раисининг биринчи

ўринбосари-аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1221
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+