Республика ишчи гуруҳи аҳоли томорқаларида экин экиш ҳолатини ўрганди

14.04.2020, 22:10

Республика ишчи гуруҳи аҳоли томорқаларида  экин экиш ҳолатини ўрганди

Қорақалпоқ халқи азалдан меҳнаткаш, деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Ери қумли, шўр бўлишига қарамай, ерга агротехник ишловларни ўз вақтида бериб, томорқадан яхши даромад олаяпти. Айниқса, Тўрткўл, Амударё, Беруний ва Элликкалъа туманлари аҳолиси томорқачиликда яхшигина тажриба орттирган. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида бўлишди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳудуддаги фаолиятини “Бўз солма” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ботир Арабовнинг хонадонидан бошлади. Бу ерда ташкил этилган 2 сотихлик иссиқхона етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида жорий  йил 8 апрель куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида маълумотлар берилди. Юртимиз тупроғи олтинга тенглиги, ундан унумли фойдаланиш лозимлиги айтиб ўтилди.

А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур учрашувлари давомида “Қораман” МФЙда яшовчи Янгибой ака Султоновнинг хонадонида ҳам бўлишди.

Коронавирус пандемиясига қарамасдан, бу ерда жорий йил баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзовот маҳсулотлари етиштириш ишлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ. 40 сотих томорқанинг 4 сотиғида иссиқхона ташкил этилган бўлса, 10 сотих майдонда мевали боғ барпо этилган. Қолган ер майдонида эса турли сабзавотлар, картошка ва полиз экинлари экилган.

Ишчи гуруҳ тадбиркорнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишар экан, бу иш тажрибасини барча хонадон ва маҳаллаларда кенг тарғиб этиш, аҳолига барча зарур чораларни яратиб бериш лозимлигини айтдилар.

Мутахассисларнинг айтишича, асал таркибида инсон организми учун фойдали микроэлементларнинг 70 фоиздан кўпроғи мавжуд. Шу боис асаларичилик ривожи иқтисодий юксалишни таъминлаш баробарида, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Амударёлик Эркин Расулов асаларичиликни ривожлантириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармасидан 1 млрд 200 млн сўм кредит олган. Айни пайтда бу ерда 1000 та асалари уяси бўлиб, 30 га яқин ёшлар доимий иш билан таъминланган.

Тумандаги “Боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Ўрта қалъа чорвадори” агрофирмаси бўлган ишчи гуруҳ аъзолари фермер билан мулоқот қилиб, асаларининг қишлоқ хўжалиги ривожидаги ҳиссаси ҳам катталигини таъкидладилар.

Кейинги манзил Тахиатош тумани “Найман” ОФЙда яшовчи Алишер Утегеновнинг хонадони бўлди. Ҳозирда хонадон эгаси 2 сотихлик иссиқхона  қуриб, помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштириб келмоқда.

Учрашувда бугун айни экин-тикин мавсуми эканлиги, фурсатни қўлдан бой бермай, бирон қарич ерни ҳам бўш қолдирмаслик кераклиги қайд этилди.

Тахиатошлик Гулсара Алламбергенова ҳам уйи олдидаги 1 сотихлик иссиқхонасида помидор ва бодринг парваришлаб келмоқда. Йилига 2 марта ҳосил олиб, рўзғоридан ортганини бозорга сотмоқда.  

А.Хаитов хонадон эгалари суҳбат қилар экан, халқимиз бошига тушган бу синовли кунлар тез орада ўтиб кетишини айтиб, иссиқхона фаолиятини кенгайтиришда қандай муаммолар бўлса, партия вакиллари ва депутатлар уларни бартараф этишга тайёрлигини билдирди.

Республика ишчи гуруҳининг аҳоли томорқаларига баҳорги экинларни экиш бўйича ҳолатларини ўрганиш жараёнлари давом этмоқда.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1823
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+