Конимехлик ёшлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга бел боғлади

15.04.2020, 12:41

Конимехлик ёшлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга бел боғлади

Халқимиз “ери бойнинг эли бой”, дейди. Чунки ернинг ҳар қаричи — олтинга тенг. Буни яхши билган фидойи деҳқон ва фермерларимиз баҳор келиши билан катта орзу-умид билан ерга ишлов бериб, экин-текин ишларини бошлайди.

Муҳтарам Президентимиз 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида тўхталиб, ердан самарали фойдаланиш ва томорқаларда маҳсулдорликни ошириш бўйича зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб берди.

Айни чоғда миришкор деҳқон ва фермерларимиз мамлакатимизга келган балони ҳамжиҳатлик билан биргаликда бартараф этиш учун ўз томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлган картошка, сабзи, пиёз, сабзавот ва полиз экинларини етиштирмоқда. Сабаби бугун биз ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб, аҳоли учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирсак, пандемия таъсирини юмшатган бўламиз.

Шу сабабли ҳозирда жойларда бўлгани каби республикамизнинг олис чўл ҳудудида жойлашган Конимех туманида ҳам халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича туман ҳокимлиги ва маҳаллий кенгаш депутатлари ташаббуси билан “Ҳар бир ёшга  бир гектар” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур лойиҳа доирасида ишсиз ёшларни томорқалардан мақсадли фойдаланиш ва қўшимча даромад топишга йўналтириш мақсадида 30 нафар йигит-қизга 20 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳозир улар берилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ерга ишлов бериб, уруғ экишга тайёрламоқда. Бугунги мураккаб вазиятда аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга жиддий бел боғлаган ёшларнинг меҳнати эса самарасиз кетмайди, албатта.

Хулоса қилиб айтганда, бугун миришкорларимиз карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттиряпти. Томорқачилар томонидан етиштирилаётган сархил маҳсулотлар эса тез орада ички бозорларга чиқади.


Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    721
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+