Актам Хаитов: Баҳорги экиш ишларини тезроқ якунламасак, кейин кеч бўлади

17.04.2020, 11:12

Актам Хаитов: Баҳорги экиш ишларини тезроқ якунламасак, кейин кеч бўлади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида кўп йиллик бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга мамлакат. Шу боис мамлакатимиз ҳозирга қадар озиқ-овқат соҳасида кўп ишларни амалга оширишга эришди. Юртимизда етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорларни таъминлаш билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинди.

Бу сўнгги уч йилда мамлакатимизда сабзавот, полиз, картошка экинлари, шунингдек, боғ ва токзорлар майдонлари кенгайтирилиши билан бирга, ушбу тармоқларда ишни тўғри ташкил қилиш орқали унинг самарадорлигини ошириш учун яратилган шарт-шароитлар самарасидир. Чунки кейинги пайтларда соҳада манфаатдорликни ошириш, оддий қилиб айтганда, деҳқон ва фермерни бой қилиш учун барча масалалар ҳал қилиб берилди.

Энди фермерларимиз ҳам яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириши зарур. Сабаби бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъий назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди.

Қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига бағишлаб 14 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Муҳтарам Президентимиз бу жиҳатларга алоҳида тўхталиб, ердан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туман, 86 та кластер ва 125 та кооператив бу борада етакчи бўлиши лозимлигини айтиб, боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, маҳсулот ҳажмини ошириш учун жорий йилда 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштириш лозим бўлади. Бугунги кунда Бахмал туманида 3 минг гектар, Қўшработ туманида 5 минг гектар, Бешариқ туманида 2 минг гектар оборотдан чиққан ерда қудуқлар қазилиб, боғ ва токзорлар барпо қилиш бошланган.

Йиғилишда бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш, сув чиқариб, лалми ерларни ўзлаштириш зарурлиги қайд этилди. Бу мақсадлар учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларига 300 миллиард сўм ажратилади. Ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади.

Яна бир йўналиш – ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқи муайян озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотилади. Бундан тушган маблағ янги ерларни ўзлаштиришга сарфланади.

Видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги кераклиги айтиб ўтилди. Шу боис Қўрғонтепа, Бахмал, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Бўстонлиқ туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, серқуёш юртимизда апрель ойининг иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса гилос ва ўрик тайёр бўлади. Экспортнинг 60-70 фоизи ушбу маҳсулотларга тўғри келади. Шу боис айни вақтда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаси 435 минг гектар унумдор экин майдонида меҳнат қилмоқда. Зеро, серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда барча юртдошларимиздан ўз ҳовлисини, томорқаларини тартибга келтиришни, бирон қарич ерни ҳам бўш қолдирмасдан экин экишни сўраймиз. Боиси ҳозирги мураккаб шароитда томорқа ерларига сабзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинларини экиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек олижаноб ишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Демак, ҳар биримиз томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, ундан йилига икки уч маротаба ҳосил олишга интилайлик. Тажрибали деҳқонларнинг маслаҳатларига амал қилиб, бир ёқадан бош чиқариб, бу жараёнда фаол иштирок этайлик.

Азиз юртдошларимиз, унумдор еримиз ва серқуёш юртимизда ўз томорқасига эга бўлган юртдошларимизнинг камбағал яшаши халқимизнинг меҳнатсеварлик ва ишбилармонлик фазилатига мутлақо ярашмайди. Шунинг учун барча фермер, деҳқонларни карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳолини эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттиришга чақирамиз. Унутманг, бугун қилинган меҳнат эртанги роҳат учун заминдир. Агар баҳорги экиш ишларини тезроқ якунламасак, кейин кеч бўлади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

OʻzLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    885
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Suxrob2020-04-27 04:42:50

6 сотоx Ерим заранг, ишловсиз коляпти Навбаxор туманида. Карантин сабаб шаxардан чиколмаяпмиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+