Синовли кунларда ҳар бир тадбиркор давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди

29.04.2020, 17:23

Синовли кунларда ҳар бир тадбиркор давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди

Мамлакатимизда пандемия оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим ва тезкор чоралар кўрилмоқда. Пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига, тадбиркорлар фаолиятига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари эса бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.  

Айниқса, аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйилиши халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва яхшилашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Бу эзгу ташаббусни бутун халқимиз, жамоатчилигимиз кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олди.

Ушбу эзгу саъй-ҳаракатнинг муборак Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам жуда катта маъно бор. Зеро, бу айёмда амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади. Шу боис хайрли ташаббус қанот ёйиши биланоқ, тадбиркорларимиз ҳам ўз имкониятидан келиб чиқиб, кам таъминланган оилага кўмаклашмоқда, ишсиз фуқароларни ишга жалб қилмоқда. Бундай тадбиркорларга эса давлат томонидан солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлашга қаратилгани билан катта аҳамиятга эгадир.

Нега деганда мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайган. Карантин туфайли, ишсизлар сони ҳам ошгани табиий. Бундай пайтда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, пандемия ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Президентимиз томонидан ўз вақтида имзоланган мазкур фармон эса тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябрга қадар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади. Шу билан бирга товарлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилганлар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Саховат ва кўмак” жамғармаси, “Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фонди, юридик ва жисмоний шахслардан беғараз ёрдам олганда жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, жисмоний шахсларга турар жойларини жисмоний шахсларга ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага беришдан олинган жисмоний шахслардан олинадиган даромадлар бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Аҳамиятли томони шундаки, мазкур ҳужжат билан лизинг корхоналари томонидан ҳисобланган ва кечиктирилган лизинг бўйича фоиз даромадлари суммаси фойда солиғини ҳисоблашда кечиктириш берилган даврдаги жами даромад таркибига киритилмайди. Эътиборлиси, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш тартиби тадбиркорлик субъектларининг амалдаги кредит шартномаларига ҳам татбиқ қилинади.

Фармонда шунингдек, 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5-бараваригача ошириш кўзда тутилган.

Яна бир муҳим янгилик – давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 6-бандида назарда тутилган соддалаштирилган тартибда солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) бериш муддати 2020 йил 31 декабргача узайтирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармондан кўзланган мақсад битта – аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашдир. Зеро, бу синовли кунларда ҳар бир фуқаро ҳам, тадбиркор ҳам давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1146
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+