Уй-жойга бўлган талаб янги ипотека тизими орқали таъминланади

02.05.2020, 18:45

Уй-жойга бўлган талаб янги ипотека тизими орқали таъминланади

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида уй-жой қурилишига хусусий секторни фаол жалб қилмай туриб, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш мумкин эмаслигини, шу сабабли янги ипотека тизими жорий этилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Шунингдек, банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида уларга қарийб 4 триллион сўм маблағлар аукционлар орқали ажратилиши, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 триллион сўм субсидия берилиши белгиланган эди.

Бугун ана шундай оилаларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида давлатимиз томонидан аҳолига қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилмоқда. Президентимиз ташаббуси ва тегишли қарорлари билан республикамизнинг барча ҳудудларида арзон ва кўп квартирали уй-жойлар қурилаётгани бугун, айтиш мумкинки, кўпчилик юртдошларимизнинг оиласига чинакам қувонч олиб кирмоқда.

Нега деганда инсон борки, ўз уй-жойи, бошпанаси бўлишини истайди ва шунинг учун интилади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларда уй-жойга эҳтиёж катта. Лекин ҳаммада ҳам уй-жой сотиб олишга моддий жиҳатдан имконият йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 майдаги “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса юртимизда инсон ва унинг манфаати ҳар нарсадан устун эканлигини яна бир бор намоён этди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратишга рухсат берилди.

Шу билан бирга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қуриб битказилган квартираларни, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари белгилаб қўйилди. Жумладан;

–қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

–шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

–Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қарорнинг 2-4 бандларида назарда тутилган тартиб ва шартлар 2022 йил 1 январга қадар амал қилади ва янги тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ипотека кредитларига нисбатан татбиқ этилади.

Шу билан бирга ҳужжатнинг 3-банди учинчи ва тўртинчи хатбошларида назарда тутилган квартираларни сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида тўланади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тижорат банкларига ажратган кредит ресурслари ҳисобидан мазкур қарор қабул қилингунга қадар жисмоний шахсларга қонунда белгиланган тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун кредитлар ажратишга рухсат берилади. Бунда, кредитлар жисмоний шахсларга:

–қурилаётган (қайта қурилаётган) якка тартибдаги уй-жой жойлашган жойи бўйича мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган кредитнинг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорида 20 йил муддатга ажратилади;

–белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳа асосида хусусий пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари бўйича тўловларни уларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз шаклда амалга ошириш орқали берилади.

Яна бир муҳим янгилик – 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига янги тартиб доирасида шаҳар ва қишлоқ жойларида 4 ва ундан юқори қаватли ҳамда Тошкент шаҳрида 7 ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ажратилган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади.

Бундан ташқари, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган ва суммаси 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади. Бунда, кафиллик ва компенсациялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда 2 хонали, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар майдонининг белгиланган меъёрларини инобатга олган ҳолда кўп квартирали уй-жойлар қурилганда берилади.

Умуман олганда, ушбу имтиёзлар кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олишни истаган фуқаролар учун катта имкониятлар эшигини очади. Зеро, янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилмоқда.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1344
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шоира 2020-05-04 03:52:42

Ассалому алайкум Актам Хаитов бу хам мен қарор эди. Жуда хурсанд бўлдим. Туман қишлоқларда яшовчи фуқаролар маоши камлиги хам хисобга олиниб банк фоизлари хам йиллик 20 эмас балким 15 ёки 10 фоиз этиб белгилашса яхши бўларди. Масалан мен билан турмуш ўртоғим иккаламиз ойига икки миллион ойлигимиз бор. Туманларда мана шундай маошлар катта эмас.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+