Ҳудудларнинг ривожланиш рейтинги ишлаб чиқилади

04.05.2020, 21:39

Ҳудудларнинг ривожланиш рейтинги ишлаб чиқилади

Мамлакатимизда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, халқ билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Президентимизнинг шу йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори бу борада катта қадам бўлди. Зеро, мазкур ҳужжат ҳудудларни барқарор ва жадал ривожлантириш учун уларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини, шунингдек, ҳудудларнинг бошқа қиёсий устунликларини баҳолашнинг ягона тизимини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорга мувофиқ, статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда иқтисодий тараққиётни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бирга рейтинг баҳолашни амалга ошириш мақсадида 2020 йил 1 июнга қадар махсус ахборот тизим ишлаб чиқилади ва дастлаб 2019 йил учун ушбу тизим орқали синов режимида баҳолаш амалга оширилади. Натижалар асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади.

Ўтган йил учун рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади. Рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокамага қилиниши шарт.

Қарорда яна бир янгилик бор.  Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги рейтинг баҳолаш натижаларини умумлаштиради, шунингдек, рейтинг баҳолашни амалга оширишда иштирок этувчи тегишли органлар, ташкилотлар ва муассасалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади.

Қарорга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палаталари томонидан икки ой муддатда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни рейтинг баҳолаш учун аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказиш методологияси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланган методология асосида ҳар йили туман ҳамда шаҳарларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказилади.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – ахборот тизимининг буюртмачиси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун, ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар – ахборот тизимини яратиш ҳамда уни келгусида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сўровномаларни ташкил этиш ва ўтказишнинг молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳисобот йилидан кейинги 15 январь (тезкор) ва 1 июндан (якуний) кечиктирмай ҳисобот йили якуни бўйича тегишли маълумотларни ахборот тизимига ҳаққоний ва ўз вақтида киритишни таъминлайди.

Рейтинг жараёнига жалб этилган давлат органлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари сўровномаларни шаффоф ва холисона ўтказиш ҳамда тегишли маълумотларни ахборот тизимига киритиш учун шахсан жавобгар бўлади.

Умуман олганда, мазкур ҳужжат билан давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ахборот тизимига ишончсиз ёки нотўғри маълумотларни киритиш, шунингдек, уларни ўз вақтида киритмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

OʻzLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1109
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+