Навбатдаги чора-тадбирлар: тадбиркорлик субъектлари фаолияти қўллаб-қувватланади

19.05.2020, 14:52

Навбатдаги чора-тадбирлар: тадбиркорлик субъектлари фаолияти қўллаб-қувватланади

Коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, корхоналар фаолиятини тиклаб, тайёр маҳсулот экспортини кўпайтириш энг муҳим ва устувор масалага айланди. Шу боис мамлакатимизда иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Бу ҳақда гапирганда пандемияга қарши курашиш ҳамда карантин шароитида аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилганини, 87 мингта тадбиркорлик субъектининг жами 18 триллион сўмлик банк кредитларини қайтариш муддати узайтирилганини, давлат мулкидан фойдаланаётган 11 мингдан ортиқ тадбиркор ижара тўловидан озод бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу билан бир қаторда кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилмоқда. Бунинг натижасида 50 мингдан ортиқ тадбиркор 300 миллиард сўмни тежайди ва уларнинг айланма маблағи кўпаяди. Энг қувонарлиси, тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун 500 миллиард сўмгача (илгари 10 миллиард сўмгача) берилган кредитлар бўйича компенсация миқдори 5 фоиздан 10 фоизга ошириляпти. Бу борадаги ишлар эса изчил давом эттирилмоқда.

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш бўйича навбатдаги чора‑тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эга.

Фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябрига қадар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларига Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ва 3 апрелдаги тегишли фармонларига мувофиқ, апрель-май ойлари учун тақдим этилган, мол-мулк солиғи ва ер солиғининг фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаларидан, 1 январдан бошлаб 15 майгача бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган пеня ва жарималардан воз кечилади.

Аҳамиятли томони, мазкур ҳужжат билан тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни)ни олиб киришда (импорт) қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунгача кечиктириш ҳуқуқи берилади. Шу йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилади. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслар бундан мустасно.

Яна бир муҳим янгилик – микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларини ундириш 1 сентябргача тўхтатилади. Давлат солиқ хизмати органлари 15 май ҳолатига микрофирма ва кичик корхоналарнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш ва ечиб олиш бўйича инкассо топшириқномаларини қайтариб олади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Шунингдек, Фармонга мувофиқ, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги фоиз харажатларини қоплашга компенсация беришни бошлайди:

– тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида;

– 1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун миллий валютада 500 миллион сўмгача бериладиган кредитлар бўйича кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида.

Фармонда Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, шунингдек, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (зарурият бўлганда) солиқ имтиёзлари берилиши ва ижтимоий нафақа олувчилар сонининг ошиши натижасида олинмай қолинадиган даромадлар муносабати билан вазирлик ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан субсидиялар ажратиши ҳам назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармондан кўзланган мақсад битта – коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлашдир. Зеро, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш ва тадбиркорларни барқарор фаолият юритиб кетиши зарур шароитларни яратиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    880
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Meliqulov.ulugbek.Farxodovich 2020-06-06 10:15:42

Навоий кон металлургия комбинатори Бош директори Узбекистон кахрамони САНАКУЛОВ К.С.га АРИЗА. МенМелекулов Улугбек Фарходоаич1997 йилда тугилганман.Отам 2007 йилда вафо этган Онам 2018 йилда вафоьэтган Оилда 3 нафар фарзандмиз сингим Мелекулова Зулфия 1999йилда тугилганМелекулов Шербек 2004 йилда тугилган менсинглим ваукам И 2етокхонада 70 хонада турамиз Отаси-Онаси йук уй сурагандик Бошлангич туловга 15000 000 сум тулаш керак экан Туловга маблагимиз йук Мен уйланишим керак укамни укитишим керак уйлантиршим керак Шу уйолишимизда модий ёрдам килишингизни илтимос киламиз


Ўрол Олтибоев2020-05-20 10:14:00

Кўрилаётган чоралар мамлакат ЯИМ ўсишини таъминлашга хизмат қилиб, аҳоли турмуши яхшиланишини таъминлайди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+