Спикер ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Фарғонада тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари фаолияти билан танишмоқда

27.05.2020, 10:29

Спикер ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Фарғонада тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари фаолияти билан танишмоқда

Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат нархи ва сифати уйғунлигини таъминлаш бевосита ер ресурсларидан самарали фойдаланишга боғлиқ. Зеро, бугунги оғир шароитида иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида Фарғона вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.  

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари вилоятдаги учрашувларини Бағдод туманидаги “Унсин ая” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишишдан бошлади.

Бугунги кунда мазкур хўжаликда 60 минг бош бруллерлар парвариш қилиниб, ойига 30 тонна ҳалол гўшт маҳсулотлари ички бозорларга етказиб берилмоқда. Шу билан бирга 130 бош Германия ва Голландиядан келтирилган қора моллар парвариш қилиниб, сут ва гўшт маҳсулотлари етиштирилаётир.

Айтиш ўринлики, ҳозирга қадар “Унсин ая” фермер хўжалиги “Олтиариқ” сиҳатгоҳида коронавирус касаллиги билан даволанаётган беморлар ва карантинга олинган юртдошларимиз учун сут, гўшт ва тухум маҳсулотларини бепул етказиб беришди.

– Айни дамда иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, корхоналар фаолиятини тиклаб, тайёр маҳсулот экспортини кўпайтириш энг устувор масалага айланди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари А.Ҳаитов. – Шу боис мамлакатимизда иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётир.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида Президентимизнинг жорий йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш бўйича навбатдаги чора‑тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар ҳақида  ҳам маълумотлар берилди. 

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солиниши кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Мазкур хўжалик ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, синовли кунларда хайрия ишларига ўз ҳиссасини қўшди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган  оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди.

- Фермер хўжалигимиз Бағдод туманидаги 100 та оилани карантин тугагунига қадар оталиққа олди, – дейди халқ вакили, “Унсин Ая” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари А.Деҳқонов. – Ҳозирда хўжалигимизда 28 нафар ишчи доимий, 20 нафари мавсумий ишламоқда.

Дарвоқе, А.Деҳқонов айни вақтда 4 гектар майдонда паррандачилик комплексини ташкил этиш ҳаракатида юрибди. Корхона ишга тушгач, у ерда 10 минг бош парранда парваришланиб, тухум маҳсулотлари ички бозорга етказиб берилади. Натижада туманда тухумнинг нархи барқарорлиги таъминланади.

Спикер ўринбосари туманда ташкил этиладиган ушбу йирик паррандачилик комплекси орқали кўплаб ёшлар ишли бўлишини айтиб, лойиҳани тезроқ амалга ошириш лозимлигини, бунинг учун қандай муаммолар бўлса, депутатлар уларни бартараф этишга тайёрлигини билдирди.

 Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1028
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+