O’zLiDeP депутатлари ташаббуси билан хонободлик 450 та эҳтиёжманд оилаларга томорқадан фойдаланиш учун 15 сотихдан ер ажратилди

28.05.2020, 14:47

O’zLiDeP депутатлари ташаббуси билан хонободлик 450 та эҳтиёжманд оилаларга томорқадан фойдаланиш учун 15 сотихдан ер ажратилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг Андижон вилоятига ташрифидан сўнг, берилган топшириқ юзасидан жойларда томорқачиликни ривожлантириш, депутатлар таклиф-ташаббуслари асосида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, муаммолари ечимига кўмаклашиш мақсадида ўрганиш ишлари ташкил этилмоқда. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши масъулларидан иборат ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Хонободга туташди.

Халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг 10 нафар аъзоси айни вақтда халқнинг ичида, сайловчилар қувончу ташвишларига елкадош. Айни машаққатли паллаларда фуқаролар ёнида суянч бўлишга ҳаракат қилмоқдалар.

-Хонобод шаҳридаги мавжуд 14 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонма-хонадон ўрганишларимиз натижасида 1989 та эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар борлиги аниқланди, - дейди 47-Хонобод сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайланган Жалолдин Маматов. – Уларнинг яшаш шароитлари, оила аъзоларининг бандлик масалалари атрофлича ўрганилди. 450 та хонадонга 15 сотихдан ер майдонлари ажратилди. Бугун улар бу ердларда сабзавот ва полиз экинлари парваришламоқдалар. Бундан ташқари, қариийб 200 нафар сирдарёлик табиий офатдан жабрланган аёлларнинг Хонобод сиҳатгоҳида дам олишлари учун қулай шароитларни яратиб беряпмиз, озиқ-овқат, кийим-кечак, гигена воситаларини мунтазам равишда етказиб бериш ишларига ёрдамлашяпмиз.

Депутатлар билан суҳбатларимиз чоғида уларнинг қадамларида шижоат, юракларида аҳд, нигоҳларида оловни кўрдик. Ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга, ёшлар бандлигини таъминлашга, камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган ташаббуслари парвозга шай. Жумладан, халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгаши депутати Баҳодир Азимовнинг айтишича, шаҳарда туризмни йўлга қўйиш учун етарли иқлим, етарли шароит бор. Фақатгина туртки керак. “Кампирровот” МФЙдаги Қорадарё ўзани жойлашган 44 гектардан иборат ер майдонига замонавий сув ҳавзаларидан иборат дам олиш маскани қуриш мақсадга мувофиқ. Бу билан фойдаланилмай турган ер ўзлаштирилади, янги иш ўринлари яратилади.

Яна бир жонкуяр халқ ноиби Файзулло Абдиовнинг ҳам таклифи ўринли. Оддий халқни тадбиркорликка йўналтириш кўламини кенгайтириш зарур. Энг қисқа муддатларда гид, официант, меҳмонхона менежерлари ва хизматчилари, миллий ва жаҳон таомларини моҳирлик билан тайёрлай олайдиган ошпазлар, қандолатчилар тайёрлайдиган ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, “Хонобод тарихи”ни ёритадиган буклет ва видеоролик тайёрлаб, дам олувчилар ва меҳмонларга тақдим этиш керак.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда, албатта, имтиёзли кредитларга мурожаат қилиниши табиий. Маҳаллий кенгаш депутати Фароҳиддин Қорабоевнинг бу борадаги таклифлари қўллаб-қувватланди. Кредит олишгача бўлган жараёнларни қисқартириш, ҳужжатларни янада соддалаштириш, ортиқча оворагарчиликларга чек қўйиш халқнинг кўнглидаги муддао.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган 2019 йилдаги Андижон вилоятига ташрифи доирасида Хонобод шаҳрини туризм шаҳрига айлантириш бўйича берган топшириқлари депутатлар ташаббусларида қанот ёзаётганини кўриш мумкин. Ижро учун астойдил, сидқидилдан ҳаракат ва шахдам қадамлар керак.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    710
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+