Ишонч ва муваффақият ортида масъулият бор!

12.01.2018, 15:24

Ишонч ва муваффақият ортида масъулият бор!

Якунига етган 2017 йил мамлакатимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиши шубҳасиз. Боиси, ўтган бир йил мобайнида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларга қўл урилди. Бугун қай бир тармоқни олмайлик, унда ўзгариш, янгиланиш, тараққиёт шиддатини кўриш мумкин.

Буларни бирма-бир, номма-ном санашнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундоқ ҳам кундалик ҳаётимизда кўриб, билиб, керак бўлса, ҳис этиб турибмиз. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 12 июлдаги парламент палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказган учрашуви партиямиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Унда фаолиятимиз давомида йўл қўйилган камчиликлар рўй-рост айтилиб, келгусида олдимизда турган устувор вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунга келиб, партиямиз комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиққани ҳолда ўз ишини тубдан такомиллаштириб бормоқда. 

Таъкидлаш жоизки, айни шу йиғилишда юртбошимиз томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари мавқеига алоҳида урғу берилиб, Тошкент шаҳрида илк маротаба туман Кенгашларини ташкил этиш ғояси илгари сурилган эди.

Бугунги кунда ана шу ташаббус ортидан Тошкент шаҳрида ҳам халқ депутатлари туман Кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг фуқаролари бундай имкониятга эга эмас эди. Бу борада адолат тикланиб, Конституциямизга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам ўзлари сайлаган вакиллари орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.

Бизга ғурур бағишлайдиган жиҳати шундаки, ўтган йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтказилган сайловда O‘zLiDePдан кўрсатилган номзодларнинг 137 нафари туман кенгаши депутати деган мақомга эга бўлди.

Албатта партиямиз бу борада етакчиликни қўлга киритгани барчамизни бирдек руҳлантиради. Лекин айни муваффақият, сайловлардаги ғалаба, халқимиз ишончи ортида жуда катта масъулият турганлигини бир сонияга бўлса-да, унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, ўтган йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида илк бор янги амалиёт сифатида Олий Мажлисга Мурожаатнома шаклидаги дастурий маърузасида ҳам ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат, сенаторларнинг ўрнига алоҳида тўхталиб, халқ вакиллари, хусусан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига танқидий баҳо бердилар. “Ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак”, – деди Президентимиз. Таъкидландики, қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади.

Халқ турмуш фаровонлиги қачон яхшиланади, қачон янги иш ўринлари яратилади? Қачонки, ўша ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун муносиб шарт-шароит яратилса, уларнинг манфаати тўла ҳимоя қилинса, қулай муҳит вужудга келсагина одамларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланиб бораверади. Бунинг учун эса уларнинг манфаатини муносиб равишда ҳимоя қилиш керак.

Гап тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида бораётган экан, ортда қолган йилда Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг иқтисодий имкониятлари ва салоҳиятини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди. Агар туманлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, мисол учун Яшнобод ва Олмазор туманларида кичик бизнеснинг инновацион технопарклари ташкил этилади ва қиймати 102 миллиард сўм бўлган 285 та инновацион лойиҳа амалга оширилади. Бектемир туманида қиймати 20 миллион АҚШ доллар бўлган, йилига 1 500 та юк ташиш вагонларини қайта таъмирлаш лойиҳасини ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Миробод туманида “Нано Медик” корхонасида йилига 450 минг дона 9 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Бундай йирик лойиҳалар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилиши белгиланган.

Албатта Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ушбу долзарб вазифаларнинг аҳамияти ва кўлами янада ортади. Бу ишларни ижроси устидан, умуман Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларидаги катта кичик муаммоларни ҳал этишда O‘zLiDeP  туман Кенгашларига сайланган депутатлик гуруҳларига таянади. Улар қанчалик фаол, ташаббускор, жонкуяр ва масъулиятли бўлса, партиямиз кўзланган мақсадга эришади.

Мухтасар айтганда, Тошкент шаҳрини гўзал ва обод шаҳарга айлантириш, бу муқаддас пойтахт тимсолида юртимизни, унинг бугунги озод ва обод қиёфасини, нурафшон келажагини яратишга партиямиз бор куч ва имкониятларини ишга солади.

Жасур РАҲМОНОВ,

O‘zLiDeP ташкилий-партиявий

 ишлар бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Сайлов 2017
  • Кўрилди
    2951
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+