Булоқбошида асалари билан даволовчи хусусий шифохона ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилди

01.06.2020, 11:36

Булоқбошида асалари билан даволовчи хусусий шифохона ташкил  қилиш ташаббуси илгари сурилди

O’zLiDeP раҳбари Актам Хаитовнинг Андижонга ташрифи чоғида белгиланган вазифа ва топшириқлар ижроси бўйича жойларда давом этаётган очиқ мулоқотлар янги-янги ташаббусларнинг юзага чиқишига хизмат қилаётир. Партия вилоят Кенгаши мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳнинг навбатдаги сафари Булоқбоши туманида ташкил этилди.

Булоқбоши тумани аҳолисининг кўпчилиги асал етиштириш билан шуғулланади. Айниқса, бу йўналишда “Шаҳзодахон Саидова” фермер хўжалиги илғорлар сафида. Тажрибали фермер, халқ депутатлари Булоқбоши туман кенгаши депутати Зокиржон Саидов раҳбарлигидаги мазкур хўжалик 2009 йилда 60 қути асалари билан ташкил қилинган. Йилдан-йилга кенгайиб борган фаолият ўзини оқлади. Айни вақтда хўжаликда 500 қутида асалари парвариш қилинмоқда. Мамлакатимизга соя солиб турган коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин кўплаб оилаларга даромад кириш йўлини тўсганидан кўз юмиб бўлмайди. Албатта, шундай синовли паллада чинакам саховатли тадбиркорнинг жим туриб, лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зокиржон Саидов ҳам ҳудудидаги 10 та оилани асаларичилик билан шуғулланишига имконият яратди, беминнат ёрдам қўлини узатди. Бугун бу оилаларда 20 тадан қутида асалари парваришланмоқда.

-Бирор касбу кор билан шуғуллансангиз, астойдил меҳр берсангиз, янги ташаббуслар туғилавераркан, - дейди фермер. – Туманимиз асаларичилар юрти бўлса-да, етиштирилган тоза ва сифатли асал маҳсулотларини қабул қилувчи умумий марказ йўқ. Шу йўналишда уюшма ташкил қилиш керак. Шундагина бу борада асал тайёрлаш, қадоқлаш ва импорт-экспорт масалалари ечимида қийналмаймиз.

Депутат, тадбиркор, фермер ҳақ. Унинг фикрини халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ойбек Мамажонов маъқуллади. Бу борадаги таклифи эса ўша фикрни мантиқий давоми бўлди. Туманда асаларичилик ривожланган экан, демак,  асалари билан даволовчи хусусий шифохона қуриш ҳам фойдадан холи бўлмас. Ахир асалнинг шифобахшлиги, минг дардга даво эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Таклиф ва ташаббуслар кўп. Аслида улар ёнаётган қалбдан чиқади. Шижоати баланд инсон атрофидаги ҳеч бир воқеликка бефарқ бўлмайди. Ташаббус билан чиқаётган депутатлар, фаоллар ана шундай юрагида олови бор инсонлардир.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1127
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+