Фарғонада аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатлари ўрганилди

03.06.2020, 14:05

Фарғонада аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатлари ўрганилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида Фарғонада учрашувлар олиб борган эди. Актам Хаитов томонидан белгилаб берилган топшириғига биноан депутатлар жойларда ушбу ўрганишларини давом эттирмоқда.

Депутатлар ва партия вакиллари Олтиариқ туманида бўлиб, аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатларини ўргандилар. Масалан, туманнинг Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Абдувоҳид Мамаризоев хонадонида бўш турган бир қарич ерни топаолмайсиз. Хонадон эгалари томорқадан кўчатчилик, гулчилик мева-сабзавот етиштириш, узумчилик, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик каби ўнлаб фаолият билан шуғулланмоқдалар. Энг қизиқ жиҳати узум токлари алоҳида майдонни банд қилмаган. Узумлар том устида, иссиқхоналар устида етиштирилмоқда. Хонадон эгасининг сўзларига кўра, бу узум токлари биринчидан чорвалар турган хоналарни қуёш иссиғидан сақласа, иккинчидан айни саратон пайтида иссиқхона ҳароратини мўтадил ушлаб туришга хизмат қилади, учинчидан қўшимча даромад манбаи ҳамдир.

Шунингдек,  депуталар Олтиариқ туманидаги “Акрамжон Олимжон Обод” фермер хўжалигида ҳам бўлди. Фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, жорий йилдан бошлаб 20 га ер майдондаги ғалла ҳосили томчилатиб суғориш тизимига ўтказилган. Бу эса фермер хўжалигида ҳосилдорлик даражасини 15-20 центнерга кўпайтириб, сув сарфи камаяди ва кимёвий ўғитларни исроф бўлмаслигига ҳам хизмат қилади.

- 5 гектар майдондаги боғимизда 10 хил навдаги узумлар етиштирилади, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Шершод Охунжонов. - Бу йил май ойи бошида ҳаво ҳарорати бироз совуқлашди. Бу эса узум мевалари айни куртаклаган вақтида, ҳосилларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам турли ёқилғиларни тутатиш орқали ҳосилларни нобуд бўлишдан сақлаб қолдик.

Пандемия вақтида ўз ишчилари ва маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар учун саховат ишларини давом эттираётган фермер, жорий йил ўз фаолиятини кенгайтириб, наслли чорвалар олиб келишни режалаштирмоқда. Фермер ушбу лойиҳаси орқали қўшимча янги иш ўринлари яратиш билан бирга, аҳолини тоза ва сифатли сут маҳсулотлари билан таъминлашни мақсад қилган.

Маълумки, пандемия вақтида кўплаб депутатларимиз, партия фаолларимиз томонидан эҳтиёжманд оилалар томорқаларида деҳқончилик билан шуғуллунишлари учун кўчатлар етказиб берилган эди. Бугун ушбу берилган кўмак ўз самарасини бера бошлади.

Фарғона вилоятида иш фаолиятини давом эттираётган ишчи гуруҳ ана шундай хонадонлардан бирида бўлди. Халқ депутатлари Данғара туман Кенгаши депутати Улуғбек Турдиқулов томонидан Ҳосилжон Холматов хонадонидаги 2,5 сотих бўш турган томорқага сабзавотлар экиш ва ихчам иссиқхона қуришга кўмаклашилган эди. Деҳқон иссиқхонада етиштирилган юқори навли маккажўхори кўчатларини ўз томорқасига ўтқазиб, ортиқча етиштирган кўчатлардан қўшимча даромад ҳам олди. Ҳозир хонадон томорқасида 10 дан зиёд полиз экинлари пишиб етилган. Ихчам иссиқхонада помидор ва бодринглар истеъмолга тайёр.

Ҳосилжонаканинг сўзларига кўра, томорқадан олинган даромадлари эвазига томорқасида яна 2 сотихлик иссиқхона қурмоқчи, жорий йил мавсумдаги тажрибасига таяниб кўчатчилик, полиз экинларининг янги турларини етиштириш билан шуғулланмоқчи.

Ишчи гуруҳ ўз фаолияти давомида томорқачиларга ўз тавсияларини бериш билан бирга, уларни қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳам ижобий ҳал этишга муваффақ бўлдилар.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

O'zLiDeP Фарғона

вилояти Кенгаши

 матбуот котиби.

  • Кўрилди
    671
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+