Навбатдаги чора-тадбирлар: Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади

03.06.2020, 17:05

Навбатдаги чора-тадбирлар: Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бундай кенг кўламли ишлар натижаси ҳар бир жабҳада сезиляпти. Энг муҳими, халқнинг турмуш шароитлари яхшиланмоқда, оддий одамлар давлатдан, ҳаётдан рози бўляпти.

Аҳамиятлиси, бу ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз халқаро имижини яхшилаш бўйича сезиларли ютуқларга эриша олди. Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг янги қиёфаси ҳақида гапирмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – «Экономист» журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – «Йил мамлакати» деб эътироф этди.

Охирги уч йилда мамлакатимиз ташқи, шу жумладан, минтақавий сиёсатида ижобий ўзгаришлар кузатилиб, қўшнилар ўртасида ўзаро ишонч алоқалари мустаҳкамланди. Ўзбекистоннинг яқин қўшнилар билан муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсати ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» индексида 19 поғонага, «Бизнес юритиш» индексида 18 поғонага, Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг «Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш» тизимидаги 6-гуруҳ мамлакатлари қаторидан 5-гуруҳ мамлакатлари қаторига кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янада тезлаштириши, шубҳасиз.

Негаки, мазкур ҳужжатга кўра Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этилиб, қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Биринчидан, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;

Учинчидан, давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

Шунингдек, фармон билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги Кенгашнинг ишчи органлари этиб белгиланмоқда. Кенгаш ишчи органлари бўйича тақсимланган Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилашга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши ҳамда ушбу йўналишда тизимли халқаро ҳамкорлик олиб борилиши устидан Кенгаш томонидан назорат ўрнатилади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – KPI) тасдиқланмоқда. Мутасадди вазирлик ва идоралар ўзлари масъул бўлган рейтинг ва индексларнинг эълон қилиниши муддатлари ва уларнинг методологияларини ҳисобга олган ҳолда, KPIга эришиш мақсадида бир ой муддатда 2020 йил иккинчи ярми, шунингдек, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил давомида амалга ошириши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Кенгашга киритади.

Бунда, халқаро рейтинг ва индексларнинг навбатдаги нашрида зарур кўрсаткични қайд этишга қаратилган амалий таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар ҳамда уларни тузишда фойдаланиладиган ахборот манбалари билан ҳамкорлик қилиш механизмларини назарда тутиш лозим.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, масъул давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар Кенгаш ишчи органларига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этади. Қолаверса, кейинги ойнинг 30-санасига қадар Кенгаш раиси ёки ўринбосарининг раҳбарлигида ўтказиладиган йиғилишларда тегишли халқаро рейтинг ва индексларда KPIга эришиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беради.

Яна бир муҳим янгилик – Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида адлия органлари ва муассасалари бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 6 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилмоқда.

Мазкур фармон асосида Адлия вазирлиги бир ой муддатда ушбу бошқарманинг юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини, Молия вазирлиги эса манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Интернет тармоғида «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона порталининг (кейинги ўринларда – портал) ишга туширилишини таъминлайди.

Хулоса шуки, Ўзбекистонни дунёга танитиш, халқаро майдондаги имижини юксалтириш фақат ва фақат халқ фаровонлиги, мамлакатнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади. Мазкур фармоннинг асосий мақсади ҳам мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилишдир.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1463
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна2020-06-03 20:59:39

Хакикатдан хам Узбекистон Республикасидаги кескин янгиланишлар ривожланишлар биринчи навбатда давлатимиз ривожлангаг давлатлар каторидан уз жойини эгаллашида ва албатта халкимизнинг розилини кузларидан куришимиз бунинг асоси деп тан олишимиз лозим деб хисоблаймиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+