O‘zLiDeP депутати балиқчилик тадбиркорга кам фоизли кредит олишида кўмаклашди

08.06.2020, 15:23

O‘zLiDeP депутати балиқчилик тадбиркорга кам фоизли кредит олишида кўмаклашди

Балиқчи туманидаги “Мухлисахон қалб нури” масъулияти чекланган жамияти 2016 йилда оилавий фаолиятини бошлаган. Даставвал ўз яшаш хонадонида оддий косибчиликдан иш бошлаган Шаҳноза Маматқулова аста-секин фаолиятини кенгайтириб борди. Эндиликда алоҳида иш жойида меҳнат қилиш зарурати пайдо бўлди. Ижара асосидаги бинода роппа-роса 2 йил фаолият юритган тадбиркор иш, унум, даромад тақозоси билан ўз биносига эга бўлишни истади. Тумандаги бўш турган собиқ юк машиналари тураргоҳи 57 минг доллар маблағ эвазига харид қилиб олган тадбиркор бу ерда яхшигина таъмирлаш ишларини якунига етказди. 1,5 гектар ер майдонида бугун 30 нафар ишчи томонидан 40 хил турдаги спорт моллари, шлакоблок, пенаблок, гипсоблок каби қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб ички бозорга тақдим қилинмоқда. Карантин даврида ҳудуддаги 10 та эҳтиёжманд оилани қарамоғига олгани ҳам тадбиркорнинг бугунги ислоҳотларга бефарқ эмаслиги нишонаси.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши масъулларидан иборат ишчи гуруҳнинг Балиқчи тумани депутатлари, тадбиркор ва фаоллари билан очиқ мулоқоти айни объектда ташкил этилгани бежиз эмас. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари Актам Хаитовнинг Андижонга ташрифи чоғида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан бўлиб ўтган карантин қоидаларига тўла амал қилинган мазкур учрашувда МЧЖ раҳбарининг муаммоси ўртага ташланди.

-Фаолиятимизни кенгайтириш учун имтиёзли, асосийси, кам фоизли кредит маблағига эҳтиёжимиз бор, - дейди Шаҳноза Маматқулова. – Бизга тақдим қилинаётган кредитлар 18 фоизли эканлиги, очиғини айтиш керак, ишимизни ҳам, даромадимизни ҳам “қопламайди”. Бинони яқинда сотиб олдик, замонавий техникаларимизни кўпайтирдик, 10 нафар ишчиларимиз сонини 40 нафарга етказдик. Булар учун бор маблағимизни сарф этдик. Ҳозирда экспорт учун ҳамкорларимиз тайёр, аммо сифатни жаҳон стандартлари даражасида, талаблари асосида тайёрлашимиз учун яна бироз маблағ зарур. Бироқ юқори фоизли кредитлар эмас, имкони қадар оз фоизли кредит ололсак, шу маблағ ҳисобига маҳсулотларимиз сифати ва сонини оширамиз, карантин тўла “ечилишига” экспортни йўлга қўямиз.

Тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилиши учун халқ депутатлари туман кенгаши депутати Олимжон Исмоилов томонидан шу куннинг ўзида қадам ташланди. Кам фоизли кредит учун ҳужжатлар тайёрланди. Масала бартараф этилди.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    1015
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+