Бухорода Спикер ӯринбосари Актам Хаитов тадбиркорлар ва томорқа ер эгалари фаолияти билан танишди

13.06.2020, 23:53

Бухорода Спикер ӯринбосари Актам Хаитов тадбиркорлар ва томорқа ер эгалари фаолияти билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикерининг ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Бухоро вилоятида бўлиб, Жондор ва Ромитан  туманлари фаоллари ва тадбиркорлар билан учрашди.

Ташриф давомида аҳоли томорқалари, иссиқхона ва қатор ишлаб чиқариш корхоналарида пандемия даврида оғир шароитга тушган оилалар даромадини ошириш борасида қилинаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Биргина Жондор тумани мисолида айтганда, камбағал оилалар сони 3 минг 124 тани ташкил қилаётган бўлса, уларда 12 минг 682 нафар киши истиқомат қилади. Шундан 5 минг 800 нафардан зиёди меҳнатга лаёқатли. Эътиборлиси, шу кунгача  кўрилган чора-тадбир давомида уларнинг мингга яқини ишга жойлаштирилди.

Тумандаги “Евроснар” МЧЖда бўлиб ўтган учрашувда O’zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов синовли даврда ҳам деҳқонларимиз мардонавор меҳнати туфайли мўл-кўл буғдой етиштирилгани, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиб фаолият юритаётгани нафақат мамлакатимиз иқтисодиёти, шунинг баробарида аҳоли даромадларини барқарор сақлашда, қийин, синовли кунларда мавжуд моддий эҳтиёжларни бартараф этишда катта аҳамият касб этаётгани хусусида тўхталди. Мураккаб вазиятда аҳоли томорқасига бўлган эътибор, сабзавот-полиз, қолаверса боғ-токзорлардан мўл ҳосил олиш юртимизда озиқ-овқат хафвсизлигини таъминлашнинг кафолати эканини таъкидлади. Мазкур йўналишда ишни тўғри ташкил қилиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш йўлида қилинаётган ишларни жадаллаштиришга доир тавсияларини берди.

Тумандаги “Охших” МФЙ да аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида 200 гектар, “Пўлоти” МФЙ да худди шунча ер майдони ажратилган бўлиб, айни пайтда экин ери сифатида фойдаланиладиган майдон ҳудуддаги кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 1 минг 500 га яқин ёшларига бўлиб берилаётгани айни муддао. Мўъжаз экин ери туфайли бу оилалар ўз даромадига, турмуш сифатини яхшилаш имконига эга бўлади.

O’zLiDeP фракцияси раҳбари бошчилигидаги гуруҳ туманда пешқадам ва кўп тармоқли "Чиннихоним замини" фермер хўжалигида 50 сотихли иссиқхонада етиштирилаётган  сабзавот, хусусан, тарвуз плантациясини бориб кўрди. Хўжалик аъзоларининг пахта ва ғаллачиликдаги, шунингдек, қорамолчилик, қўй-қўзи парваришлашдаги тажрибаси, эришиб келаётган ютуқларига юқори баҳо берилди.

Жойларда маҳаллий тадбиркорлар билан ўтган мулоқотларда Шавкат Қудратов кредит масаласи билан боғлиқ, ўзи ва оиласини уч йилдирки, қийнаб келаётган муаммога ечим сўраб мурожаат этди. Албатта, унинг мурожаати юзасидан масъулларга аниқтопшириқ ва муддат белгиланди. “Тадбиркор аёл” ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, депутат Дилбар Аҳмедова малакали тренерлар ёрдамида эҳтиёжманд, ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича партия ҳамкорлигидаги ишлар натижадорлигига тўхталди.

Худди шундай, манзилли ўрганишлар Ромитан туманида давом эттирилди. Учрашувларда O’zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши раиси Фармон Аминов ҳамда  Жондор тумани ҳокими Камол Камоловлар иштирок этиб, аҳолини ташвишга солиб келаётган нуқсон ва камчиликлар ечимига эътибор қаратдилар.

Жараёнда “Aзизон” МФЙ, Тарбўстон қишлоғидаги аҳоли томорқалари кўздан кечирилди. Айниқса, миришкор оила соҳиби Равшан Маҳмудовнинг 16 сотих томарқасида анор, анжир, узум етиштириб, мўл ҳосил олаётгани, нафақат рўзғори, балки қишлоқдошлари дастурхонини тўкин қилишда беминнат ҳиссаси қўшилаётгани эътироф қилинди.

Шунингдек, “Самосий” МФЙ да истиқомат қилаётган тадбиркор Зайниддин Чўллиев мурожаат билан чиқиб, кўп уринишлардан сўнг хўжалигига олиб келиб ўрнатган 200 тонна сиғимга эга музлатгичи ишламаётганини билдириб, амалий ёрдам сўради. Бу бўйича маҳаллий тадбиркорни тижорат банки имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватлаш зарурлиги билдирилди. Тез кунда муаммони бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга зарур тавсия берилди.

O’zLiDeP Бухоро вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1361
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+