“Рақамли Ўзбекистон-2030”: вазифалар аниқ, фақатгина уни сифатли ва самарали амалга ошириш керак

19.06.2020, 11:01

“Рақамли Ўзбекистон-2030”: вазифалар аниқ, фақатгина уни сифатли ва самарали амалга ошириш керак

Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Замонавий ахборот технологиялар кириб бормаган соҳа қолмади, ҳисоб.  Табиийки ҳар бир мамлакатнинг ривожланиши ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва “рақамли” технологиялар жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилгани билан баҳоланмоқда.

Мамлакатимизда ҳам давр талабидан келиб чиқиб, барча соҳаларга замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса боргани сари ўз самарасини бераётир. Хусусан, бугунги кунда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида  ахборот технологиялари, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда. Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лотда қурилиш қилиниб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган. Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган.

Умуман олганда юртимизда келгуси 5 йил ичида дастурий маҳсулотлар экспортини 10 баробарга ошириш, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги ахборот технологиялари секторининг улушини камида 4 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бундан ташқари, «Big data», яъни катта ҳажмли маълумотларга ишлов бериш ва «нарсалар интернети», ақлли видеокузатувлар ва жамоат жойларида мониторинг тизимини жорий этишни ўз ичига олган «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар технологияларини жорий этиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилмоқда.  Хусусан шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистондаги илк ақлли меҳмонхоналар Tashkent Cityда жойлашган янги Конгресс-холл ва Hilton меҳмонхонаси иш бошлади. Ушбу замонавий биноларда бошқаришнинг турли воситаларини – кириш/чиқиш, иситиш ва вентиляция тизимларини бирлаштирувчи тўлиқ интеграциялашган, киберхавфсиз, булутли бошқариш тизими (BMS) ўрнатилган. «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида бутун республика бўйлаб йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатларини видеоқайд этиш, турар-жой бинолари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг хавфсизлигини мониторинг қилиш, автотураргоҳлар ва тўхташ жойларини тартибга солиш каби ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ва БАА ихтисослаштирилган онлайн портал орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини берувчи «Бир миллион ўзбек дастурчиси» (One Million Uzbek Coders) лойиҳасини ишга туширилди. Дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни беришдир.

Шунинг учун O'zLiDeP ушбу йўналишда “Рақамли Ўзбекистон 2030” дастурини жорий этиш, “катта маълумотлар” (“Big data”), “блокчейн”, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда юртимизнинг “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришини таъминлаш тарафдоридир. Мақсадимиз мамлакатдаги барча аҳоли пунктлари ва таълим муассасаларига замонавий оптик толали интернет алоқа тизимини олиб кириш ва интернет хизматлари нархини пасайтириш, ташқи интернет каналлари орқали интернет трафиклари сотиб олиш ва мамлакатга тарқатиш бўйича монополлашувга йўл қўймаслик, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро самарали мулоқотни шакллантириш, ортиқча сансалорлик ва бюрократизмнинг олдини олишга қаратилган “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш,  давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг ахборот ресурслари ва технологияларини янада тараққий эттириш, соҳада давлат-хусусий шерикчилик механизмини ривожлантириш, хусусан, давлат кадастри ишларини юритишнинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлаш ва мулкни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштириш каби бир қатор комплекс чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.

Хўш, жорий йилнинг ўтган даврида бу борада амалга оширилаётган  тизимли ишлар қайси босқичда?

Айтиш керакки, бугунги кунга келиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантариш вазирлиги томонидан “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастури концепциясини тасдиқлаш буйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Шу билан бирга, Фармон лойиҳаси жорий йилнинг 5 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди. Таъкидлаш керакки, Концепцияда рақамли технологияларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, концепцияда белгиланган устувор вазифаларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини ривожлантириш имконини беради. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг электрон иштироки даражасини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиётда ва ҳаётнинг бошқа соҳаларида илғор АКТни фаол жорий этишга, коррупцияга қарши самарали курашишга ёрдам беради. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлилларга қарайдиган бўлсак,  рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради. Бундан ташқари барча операциялар электрон рўйхатдан ўтилишига, иккинчидан шаффоф бўлишига эришилади. Қолаверса, ишлаб чиқаришда янги IT технологиялар қўлланилиши туфайли маҳсулот ва хизматларнинг таннархи пасаяди.

Албатта юқорида айтилган гаплар ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас. Бу ҳаракатлар авваламбор давлатда ушбу соҳада катта ислоҳотларни, яхшигина харажатларни ҳамда ахборот технологиялар соҳасида кадрлар тайёрлашни талаб қилади. Шуни ишонч билан айтиш керакки, бугунги Ўзбекистон бу жараёнга тайёр. Вазифалар аниқ. Фақатгина уни биргаликда сифатли ва самарали амалга ошириш керак бўлади.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси,

партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик

 палатасидаги фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1148
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Аскаров Музаффар Ортикович2020-06-19 18:46:29

Шахсан мен юкоридаги харакатни чин дилдан куллаб-кувватлайман, А.Хаитовнинг “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини амалга оширишда елкама-елка туриб хизмат киламан...


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+