А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганди

19.06.2020, 14:46

А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганди

Халқимиз бошига тушган оғир ва синовли кунлар қишлоқ хўжалигига, жумладан, иқтисодиётимизга жиддий зарар етказди. Коронавирус пандемияси туфайли бир муддат кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўхтатиб қўйилди. Айни пайтда улар қайта ишга тушиб, бу билан бандликни таъминлаш борасида оз бўлса-да силжиш сезилди.

Лекин ҳозирги оғир шароитда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, томорқадан унумли фойдаланишни ташкил қилиш — энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Шу билан бирга Президентимиз томонидан мамлакатимизда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилинганига қарамай, жойларда ушбу қарорлар ижросини ташкил этиш оқсамоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилоятида бўлиб, пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларнинг ижросини ўрганди.

Халқ вакилларининг вилоятдаги учрашуви Когон шаҳридан бошланди.

Шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган мулоқотларда ҳудуддаги 22 та МФЙда хонадонма-хонадон юриб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ишсиз фуқароларни аниқлаб, уларни доимий ёки мавсумий иш билан бандлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш лозимлиги таъкидланди. Камбағалликни қисқартириш йўналишида ишчи гуруҳлар, депутатларнинг ролини ошириш, аҳолига кредитлар ажратишни тўғри йўлга қўйиш бўйича зарур тавсиялар, кўрсатмалар берилди.

–Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланди ва бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди А.Хаитов. – Шу боис юртимизда камбағалликни қисқартириш учун энг аввало, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали ишсизликни камайтириш керак. Бунинг учун биринчи навбатда, банд бўлмаган фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, аҳолини бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш ҳамда бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш зарур.

Когон шаҳридаги 1431 та оилада 2600 нафар камбағал, ишсиз инсонлар бор. Ўтган қисқа даврда уларнинг 982 нафарини ишга жойлаштиришга эришилди. Бироқ бу рақамларга маҳлиё бўлиб қолмаслик керак. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш — халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш дегани.

Учрашувдан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари вилоят ҳокими ўринбосари Фарҳод Умаров ҳамда Когон шаҳар ҳокими Ҳаким Ҳошимов ҳамроҳлигида бир қатор тадбиркорлик субъектларида бўлишди.

“Навзиработ” МФЙдаги “Бухорогиптун” қўшма корхонасида иш 2 сменада ташкил қилинган. Айни пайтда бу ерда 40 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Қувонарлиси, уларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил этади.  

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари учрашувлари давомида мазкур қўшма корхонада ҳам бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Ишчи-ходимлар билан мулоқот қилиб, уларга давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини тушунтирди. Президентимиз раҳбарлигида пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилаётганини айтиб, ҳар бир ишни эҳтиёткорлик билан, қарантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бажариш кераклигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги манзили “Шофиркон супер авто” корхонаси бўлди. Бу ерда пластик қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

—20 ёшдаман. Яқинда ишсизликдан қутилдим, — дейди шаҳарлик Ситора Нуриллаева. — Сектор томонидан менинг мурожаатим ижобий ечим топди. Ана, менга ўхшаб, тенгдошим Зарина Саидова ҳам доимий иш жойига эга бўлди. Рўзғорга фойданг тегса, шахсий жамғарманг бўлса, қандай яхши!

Ана шундай учрашув ва ўрганишлар Когон туманида ҳам давом этди. Дастлаб туман ҳокимлигида муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ҳақида сўз борди. Шундан сўнг тадбиркорлар фаолияти ўрганилди.

—Мен иккинчи сектор ҳудудида яшайман. Мана, уч ойдан буён ип-йигирувга ихтисослашган “Когон текс” МЧЖда ишлаб келаяпман, — дейди яна бир ёшлар вакили Дилноза Жўраева. — Ойлик-маошларимизни ўз вақтида олаяпмиз. Пандемия даврида ҳам жамиятимиз фаолияти тўхтамаганидан бошқа ходимлар қатори мен ҳам манфаатдорман.

А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг учрашувлари тумандаги “Омад кумушкент” МЧЖда давом этди.

Бугунги кунда мазкур жамиятда паплин, бўз сингари маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда 15 нафар ишчи 1 миллион 200 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўмгача маош оляпти.

Спикер ўринбосари корхона фаолиятини кўздан кечирар экан, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, маҳсулотлар турини кўпайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш лозимлигини айтди ва қандай муаммолар бўлса ишчи гуруҳ аъзоларини уларни бартараф этишга тайёрлигини билдирди. 

Ўз навбатида, корхона раҳбари жамиятда тўқув ускунасига эҳтиёж катта эканини, чет эл билан ойига 2 миллион долларлик шартнома имзоланганини таъкидлаб, 1 миллион 100 доллар миқдорида кредит олишда қийинчиликларга дуч келаётганини айтди.  

Ишчи гуруҳ аъзолари бугунги вазият қанчалик мураккаб бўлмасин тадбиркорларга фаолиятини давом эттириш учун қатор имтиёзлар берилаётганини айтиб, мазкур масалани ижобий ҳал этишда амалий ёрдам беришларини маълум қилди.   

  • Кўрилди
    1129
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+