Бугунги давр қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ижрочиси бўлишни талаб қилмоқда

24.06.2020, 11:34

Бугунги давр қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ижрочиси бўлишни талаб қилмоқда

Кейинги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Кластер тизимини кенг жорий қилиш, соҳага янги замонавий технологияларни татбиқ этиш ишлари юқори босқичга кўтарилди. Бу борада Андижон вилоятида ҳам қатор ўзгаришлар рўй бераётир.

Масалан, Избоскан туманида шу кунларда ишга тушган юқори сифатли омухта ем ва премикслар ишлаб чиқарувчи “Афосиёб парранда”  МЧЖда 9 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 6.1 миллион евро кредит эвазига қуриб битказилган ушбу корхонанинг йиллик қуввати 200 минг тоннани ташкил қилади.

Корхона асосан Голландия технологиялари асосида компонентларни электрон аниқлаш йўли билан дозалаштирилган юқори сифатли омухта ем ва бошқа маҳсулотларни вилоятдаги чорвачилик ва наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга етказиб беришни кўзда тутган.

Кластер тизимини изчил жорий қилиб бориш эвазига соҳада қатор муваффақиятларга эришилаётганини кўряпмиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кластеридан ташқари паррандачилик йўналишида ҳам янги марралар забт этилмоқда. Мисол учун, Пахтаобод туманидаги “RASSENHASE” масъулияти чекланган жамиятини олайлик. Жамиятда қуёнчилик кластери ташкил этилган бўлиб, унда асосан гўшт учун фойдаланиладиган “Хикол” зотига мансуб қуёнлар боқилади.

Мазкур зотдаги қуёнлар 4-5 ойда вояга етади ва 6 килограмдан зиёдроқ гўшт беради. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозирги оғир шароитда жамият томонидан аҳолини камбағалликдан чиқариш, тадбиркорликка йўналтириш бўйича ҳар бир хонадонга 10 бошдан она қуён тарқатилмоқда. Қуён кўпайиб болалари ҳам вояга етгач, яна аҳолидан уларни гўшт ҳолатига килограмини 34 минг сўмдан сотиб олади. 

Таъкидлаш жоизки, соҳада салоҳиятли мутахассисларга эҳтиёж ҳар доим бор. Бу масалада ҳам вилоятда ўзига хос ечим топишга ҳаракат қилинмоқда. Хусусан, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалини 2019-2020 ўқув йилида 1097 нафар битирувчилар тамомлайди. Шу боисдан ТДАУ Андижон филиалини тамомлаган ёшларни йўналишлари бўйича ишга жойлаштириш, касб ҳунарга йўналтириш бўйича битирувчилар истиқомат қиладиган туманларда ҳоким ва ёшлар учрашувлари ўтказилди. Бунинг натижасида эса Бўстон туманида 10, Избоскан туманида 118 нафар битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилди. Мана, аграр соҳа ривожи учун қилинаётган тадбирлар!

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар биздан ҳам ижрочи бўлишни талаб қилмоқда. Ҳудудлардаги аҳоли вакиллари, фермерлар, ер эгалари билан мулоқотларимизда имкон қадар уларнинг муаммоларини бартараф этишга, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз. Амалий ишларимизнинг барчаси соҳа тараққиёти орқали халқнинг турмуш фаровонлигига, тўкин дастурхонига, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати

  • Кўрилди
    654
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+