Қарши шаҳридаги “Қарлиқбоғот” маҳалласига ичимлик суви 2022 йилгача четдан ташиб келтирилади...ми?

03.07.2020, 15:20

Қарши шаҳридаги “Қарлиқбоғот” маҳалласига ичимлик суви 2022 йилгача четдан ташиб келтирилади...ми?

Айни ёзнинг қайноқ палласида Қарши шаҳридаги “Қарлиқбоғот” маҳалласидаги Посбонлар, Имом Бухорий, Узун зовур, Элбек, Баҳор, Хужаобод, Лангар, Қуйибоғот, Одина мачит, Улуғбек юлдузи ва Жалолиддин Мангуберди кўчаларида ичимлик суви муаммо бўлиб турибди. “Водопровод” қувурларидан сув оқмай қўйганига анча бўлган. Аҳоли иссиқ ёз чилласида ичимлик сувини четдан ташиб келиб истеъмол қилишга мажбур бўлишмоқда.

Посбонлар кўчаси 37-уйда яшовчи отахон Нормурод бобо Турсунов ва келини Нигора Рўзимуродованинг айтишига кўра, сув йўқлиги туфайли аҳоли ҳовлисида қўлбола ҳовуз қуришга мажбур бўлишаяпти. 5,5-6 тонна сув сиғимига эга бундай  ҳовузларга сув сотиб олиб қуйиш ўртача 75-80 минг сўмга тушаяпти. Нормурод бобо хонадони ҳам ҳовузи йўқлиги учун  челакларга, “баклажка”га ва 50-60 литрли сув идишларга “водовоз”дан сув сотиб олиб, тирикчилик қилишаяпти. 800 литр сув 30 минг сўмга тушаяпти. Бу бир ҳафтага етмаяпти.

-Ичимлик суви бизда жуда катта муаммо бўлиб турибди, - дейди Қарши шаҳридаги “Қарлиқбоғот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қундуз Бобоназарова. – Чунки “водопровод” қувурларидан онда-сонда келаётган сув аҳоли эҳтиёжини сира қопламаяпти. Ҳатто 10 дан зиёд кўчада қувурлардан умуман сув оқмаяпти. Бу ҳақда тегишли ташкилот мутасаддиларига мурожаат қилишдан камимиз қолмади. Улар бизга тайинли жавоб бера олишмаяпти. Билганимиз маҳалламиз 2022 йилда “Обод маҳалла” дастурига тушибди. Сув қувурлари ҳам шу дастур ижроси доирасида таъмирланиши мумкин.

Хўш, қарлиқбоғотликлар 2022 йилгача четдан сув ташиб ичишадими ёки бу ўткир масалани тегишли ташкилот мутасаддилари ҳал этиш чораларини кўришадими?  Бу муаммони O`zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши  депутатлар ўз назоратига олишди ва тегишли ташкилот мутасаддиларига депутатлик сўрови билан чиқишди.

Фахриддин БОЗОРОВ,

O`zLiDeP Қашқадарё

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби.

  • Кўрилди
    946
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+