Актам Хаитов: Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йилга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди

17.07.2020, 22:49

Актам Хаитов: Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йилга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди

Сув — ҳаёт манбаи, мўл ҳосил гарови. Азалдан халқимиз сувни табиатнинг бебаҳо неъмати деб билган ва уни тежаб, оқилона фойдаланишга эътибор берган. Халқимизнинг сувни зарга, сувчини заргарга менгзашида ҳам чуқур маъно бор. Негаки, у туфайли муборак замин гул ва боғларга айланади.

Шу боисдан сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Нега деганда, мазкур Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, мамлакат сув хўжалиги соҳасида 10 йилда қатор кўрсаткичларини яхшилаб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этади.

Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларининг жорий қилинишини янада кенгайтириш ва давлат томонидан рағбатлантириб бориш, ушбу соҳага хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш Концепциянинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Мазкур ҳужжатда 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш ҳам назарда тутилган:

биринчидан, суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;

иккинчидан, сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;

учинчидан, шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;

тўртинчидан, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;

бешинчидан, 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш ҳамда сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш белгилаб қўйилгани ҳам диққатга сазовордир.

Муҳим вазифалардан яна бири – Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни 2020−2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харита"си тасдиқланиб, унда сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилади.

Давлатимиз раҳбари фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига зиммасига ҳам алоҳида вазифалар юкланди. Эндиликда Концепциянинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатилади.

Шунингдек, амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирликлар ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотлари ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилади.

Хулоса қилиб айтганда, деҳқончилик кенг ривожланган юртимизда сув ресурсларини оқилона бошқариш муҳим аҳамиятга эга. Соҳага оид мазкур фармон 2020-2030 йилларда аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    918
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+