Тадбиркорлик субъектларига яна бир имтиёз: берилган солиқ имтиёзлари узайтирилади

23.07.2020, 16:11

Тадбиркорлик субъектларига яна бир имтиёз: берилган солиқ имтиёзлари узайтирилади

Коронавирусдек кўринмас бало нафақат инсоният ҳаётига, балки мамлакатда барча соҳалар ва тармоқлар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун Ўзбекистонда ҳам касаллик авж олаётгани туфайли бироз олдин юмшатилган карантин қоидалари яна кучайтирилди. Бу эса яна кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатишга мажбур қилмоқда. Лекин хавотирга ўрин йўқ.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 20 июль куни имзоланган «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор имтиёзлар белгиланди.

Хусусан, пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этиладиган бўлди. Шунингдек, кўчмас мулкни ижарага бериш бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳам вақтинча тўхтатилади.

Аҳамиятли томони, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналаридан алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ундирилмайди. Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати эса 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.

Умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилади.

Яна бир енгиллик бу — мазкур корхоналарнинг 2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб, туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилган ҳолда истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқи берилаётганидир.

Яъни эндиликда карантин қоидалари юмшатилиши билан тадбиркорлик субъектлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан, давлат солиқ хизмати органларини савдо муддати, маҳсулоти ва транспорт тўхташи тақиқланмаган жойларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилишлари мумкин бўлади.

Истеъмолчиларга овқатланиш ёки ҳордиқ чиқариш хизматларини кўрсатиш учун енгил конструкцияларни жойлаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича вақтинчалик талаблар эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, 2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайди.

Мазкур ҳужжат билан Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги тегишли Фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилмоқда:

– мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар;

– кичик тадбиркорлик субъектлари;

–бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун;

– ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар (акцизости маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно);

–божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктириш тақдим этиш.

Шунингдек, микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиш кабилар шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг навбатдаги қўллаб-қувватлови айни пайтда даромадсиз қолган ушбу тадбиркорлар учун яна бир имкониятдир. Фақат улардан фойдаланаётганда гигиена ва карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш лозим. Акс ҳолда оқибати қандай бўлиши барчамизга аён.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1129
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+