O'zLiDePнинг “Ёшлар минбари” мулоқотида тадбиркорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди

25.07.2020, 14:16

O'zLiDePнинг “Ёшлар минбари” мулоқотида тадбиркорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди

O`zLiDeP «Ёшлар қаноти»нинг янги лойиҳаси бўлмиш «Ёшлар минбари» ижтимоий-сиёсий мулоқот форумида ҳар ҳафта ёшлар ўртасида энг кўп муҳокама қилинган масалалар, ёшларга оид қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари таҳлили, муаммолар ва уларнинг ечимлари таҳлил қилинади.

Мулоқотнинг “Пандемия вақтида тадбиркорлик қилиш имкониятлари: муаммо ва ечимлар” мавзусига бағишланган навбатдаги сони Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев, Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси Кенгаши раиси, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов, партиянинг Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Бахтиёр Руҳитдинов ва ёш тадбиркор, “DD Mebel” бренди асосчиси, “Fer Weilai” ўзбек-хитой инновацион офис ва таълим жиҳозлари ишлаб чиқариш қўшма корхонаси раҳбари Давронжон Жалилов ҳамда ёшлар иштирокида бўлиб ўтди.

Муҳокамалар видеоконференция шаклида, савол-жавоблар асосида ташкил қилингани, кўплаб ёшларга масофадан туриб фикрларини билдиришларига, тадбиркорлик қилиш имкониятлари, бу борадаги муаммолар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини эркин айтишларига замин яратди.

Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик қилиш шароит ва имкониятларини кенгайтириш, ўз-ўзини банд қилиш тизимини рағбатлантириш борасида ҳукуматимиз томонидан жорий қилинган тартиб-қоидалар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентинг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 8 июндаги қарори билан ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятини расмийлаштириш бўйича имтиёз берилган касблар сони 24 тадан 67 тага оширилганлиги алоҳида таъкидланди.

Мулоқот жараёнида ёшлар вакили сифатида «ICT» волонтёрлар жамоат бирлашмаси раҳбари Икрам Худайбергенов ҳам ўз фикрлари билан иштирок этиб, инсонда мактаб ўқувчилиги давриданоқ инновацион яратувчанлик қобилиятини, ўз ғояларини лойиҳага айлантириш кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратиш кераклиги тўғрисида фикрларини билдирди.

Мавзу юзасидан билдирилган таклифлар партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига кўриб чиқиш ҳамда тегишли тартибда соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун тақдим қилинди.

Форум ўз ишини ёшлар учун муҳим бўлган мавзуларда келгуси ҳафтада ҳам давом эттиради.

Юсуфжон Юсупов

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    632
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+