Карантин талаблари юмшатилган бўлса-да, санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз керак

17.08.2020, 17:19

Карантин талаблари юмшатилган бўлса-да, санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз керак

Коронавирус пандемияси даврида халқимизнинг соғлиғини сақлаш, глобал офатдан асраш учун давлатимиз томонидан барча куч ва воситалар сафарбар этилди. Хориждан энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Ҳудудларда коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган махсус шифохоналар, тиббиёт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳбарлигида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида ўз вақтида кўрилган шундай қатъий чоралар, белгилаб олинган муҳим вазифалар ҳамда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар туфайли пандемиянинг салбий оқибатлари олди олиниб, жиловланишига эришилди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия шароитида парламент ҳам ўз ишини изчил давом эттирди. Депутатлар корпуси ўтган даврда бир қатор муҳим қонунларни қабул қилди. Халқимизга кўмакчи, таянч бўлиб, ҳудудларда сайлов округларида иш олиб борилди.

Жорий йил 12 август куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда, пандемия шароитида яшаш ва ишлашда давом этиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш чоралари белгилаб берилди. Ушбу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаол иштирок этиши тавсия қилинди.

Бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси ҳам аслида шу масала билан чамбарчас боғлиқдир. Юқорида таъкидлаганимиздек, бугун биз синовли даврни бошдан кечирмоқдамиз. Коронавирус пандемияси иқтисодиёт тармоқларидан тортиб оддий одамларнинг турмуш шароитигача ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Бироқ карантинни узоқ вақт ушлаб туриш мақбул иш эмас. Президентимиз тавсияси билан карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилаётганининг туб моҳиятини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин. Лекин карантин талаблари юмшатилаётган бўлса-да, барчамиз ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция ва бошқа санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз керак.

Бунинг учун биздан кўп нарса талаб қилинаётгани йўқ. Ўтган давр мобайнида орттирган тажрибамизга таяниб, тиббий ниқобда бўлиш, мулоқотда шахсий масофа сақлаш, гигиена-санитария талабларига сўзсиз риоя қилиш сўралади, холос. Демак, биз – барча поғонадаги депутатлар ва ижро ҳокимияти вакиллари, мутасаддилар буларни яхши англаб олишимиз, ўз навбатида, буни аҳолига ҳам етказишимиз, карантин қоидаларига тўла амал қилган ҳолда, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтиришимиз керак.  

Бу борада биз — парламент аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади;

Биринчидан, сайловчилар билан доимий равишда учрашувлар ўтказиб, ОАВлари орқали чиқишлар қилиб, мутасаддиларга кўмаклашишимиз мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, аҳолига ўз вақтида ва юқори сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишимиз даркор.

Учинчидан, жамоат жойларида, одамлар кўп йиғиладиган масканларда, айниқса, оилавий тадбирлар, тўй-маъракалар ўтказишда фуқароларнинг санитария талабларига қатъий риоя этиши устидан жамоатчилик ва депутат назоратини кучайтиришимиз зарур.

Умуман олганда, пандемия шароитида вазиятнинг ўзгарувчанлигини инобатга олган ҳолда, телетиббиётни ривожлантириш, шу орқали аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг уй шароитида даволаниши бўйича тавсиялар ишлаб чиқиб, тарғиб қилишимиз керак. Зеро, карантин талаблари юмшатилаётган бўлса-да, санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    971
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+