Мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан энг фаол БПТлар рағбатлантирилмоқда

29.08.2020, 15:49

Мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан энг фаол БПТлар рағбатлантирилмоқда

Шаҳрихон туманидаги “Халимбек-Жўрабек” масъулияти чекланган жамияти 2010 йилда ташкил этилган. Бу ерда 10 турдан ортиқ эркаклар ва аёллар пойабзаллари ишлаб чиқарилади. Корхона директори Дилшодбек Камолиддиновнинг айтишича, ўтган вақт давомида фаолиятнинг кенгайтирилиши ҳисобига шу маҳаллада истиқомат қилувчи 29 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришилган. Дастлабки йилларда корхонада бир ойда минг-икки минг жуфт оёқ кийимлари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 30 минг жуфтга етказилди. Албатта, ички бозорда харидорлар талайгина, бироқ экспорт масаласида ҳам корхона мутасаддилари эришгани ютуқларни қайд этмай бўлмайди. Чунончи, айни кунда корхона томонидан бир йилда 20 минг долларлик экспорт қўшни Қирғизтон ва Тожикистон давлатларига амалга оширилади.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова раҳбарлигидаги жамоанинг мазкур тадбиркорлик субъектига ташрифи мобайнида корхона ҳамда унинг қошида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан яқиндан танишилди. Эришилган ютуқлар алоҳида қайд этилиши билан бирга мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан қўшимча таклиф ва кўрсатмалар берилди.

Бир меҳрга муҳтож кўнгилни обод қилмоқ эзгулик ва хайрли ишнинг намоёнидир. Туманнинг “Муллабой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Зарина Исмоилова турмушнинг муштидан жуда эрта жабр кўрди. Илк келинлик даврида бахтсиз ҳалокат сабабли турмуш ўртоғидан бевақт айрилди, ўзи эса ногиронлик қисматига кўнди. Маҳаллада “темир дафтар” рўйхатига киритилган. Бироқ қўлида гулдек ҳунари – тикувчилик билан ўз рўзғорини ўзи бутлашга интилади. Партия вилоят ва туман Кенгашлари масъулларининг хонадонга ташрифидан келинчакнинг кўзлари ёшланди. Эътибордан мамнунлигини юз-кўзларидаги мамнунликдан илғаш қийин бўлмади. Партия томонидан берилган моддий ва маънавий кўмак эзгуликка хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида ташкиллаштирилган мазкур ташриф Бўстон туманидаги бошланғич партия ташкилотларида давом этди. Тумандаги мавжуд 43 та БПТ фаолияти дастлаб партия туман кенгашида масъуллар ва фаоллари иштирокида таҳлилий кўриб чиқилди. Давра суҳбати давомида бир гуруҳ партия фаолларига байрам муносабати билан партия ҳаётидаги фидойи меҳнатлари учун ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Бўстон туманидаги бошланғич партия ташкилотларига ташрифлар жараёнида сон ва сифат кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиш, БПТлар фаолиятини тубдан яхшилаш, инновацион янгиликларни татбиқ қилиш, ташаббускор ва фаол аъзоларни муносиб рағбатлантириб бориш масалалари хусусида атрофлича фикр юритилди.

Бўстон туманидаги “Sayyora favvorasi” хусусий корхонаси 2017 йилда ташкил топган. Тадбиркор Ботиржон Қодиров ташаббуси билан барпо бўлган мазкур корхона икки тармоқда фаолият олиб боради. Тумандаги 110 та фермер хўжалиги майдонларида ҳамда “Bo’z imkon rivoji SL” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 1120 гектар ер майдонида етиштирилаётган оқ олтинни қабул қилиш, қайта ишлаш (“Sabo klaster”) ва ип-калава ишлаб чиқариш (“Sabo tex”) жараёнларини ўз ичига олади. “Sabo tex” корхонаси қошида ташкил қилинган бошланғич партия ташкилотига ўрганишлар давомида мазкур БПТ фаолиятини оммалаштириш, ютуқларини тажриба сифатида ўрганиш таъкидланди.

-Бошланғич партия ташкилотлари партиянинг асосий бўғини, - дейди O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова. – Шундай экан, аввало уларнинг имкониятларини юзага чиқаришда кўмаклашишимиз, муаммоларига ечим топишимиз, эркин фаолият олиб боришлари учун заррий шарт-шароитларни яратиб беришимиз керак. Бугунги тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу аслида. Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан фаол фахрийларимиз ҳолидан хабар олиш билан уларнинг ҳамиша эътибор ва эъзозда эканликларини таъкидлаб, дуоларидан куч олиб, тажрибаларини ўргандик.

“Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остидаги бундай ташрифлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.

 Зилола РАҲМОНОВА,

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    773
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+