Келаётган қишни беҳадик кутиб оламиз. O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шаҳрихондаги муаммони ҳал этди

08.09.2020, 17:11

Келаётган қишни беҳадик кутиб оламиз. O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шаҳрихондаги муаммони ҳал этди

Йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Халқимизнинг “Йўл қуриш — савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам. Чунки йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади. Агар ёмон бўлса-чи?  

Шаҳрихон туманидаги “Янги маҳалла” МФЙда 544 та хўжалик, 798 та оила истиқомат қилади. Очиғи, ҳудуд аҳли яшаш шароитларидан сира нолимасди. Муаммолари секин-асталик билан ҳал этилишига доим умид билан қарашарди.

Лекин кутилгани билан натижаси йўқ бир масала фуқароларни қийнаб юборди. Сабаби ички кўчаларни шағаллаштириш, асфальтлаштириш масаласи кўп йиллардан буён ижросиз.

Маҳалла аҳли ҳам ташкилотма-ташкилот, идорама-идора юришдан чарчади. Ёзда чангдан, куз-қишда лойгарчиликдан азият чекадиган фуқароларга қийин. Тўғри-да мутасаддилар бу кўчаларга юрармиди, одамларнинг ҳасратини қайдан тушунсин?! Айниқса, бу мавсумларда болаларга қийин. Маҳалладаги 44-умумтаълим мактабига қатновдан кейин, албатта, кийимларга чангу лой изини қолдиради. Ота-оналар ҳам шундан безор бўлган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Одинахон Отахонованинг ҳудудлардаги ўрганишлари мазкур муаммонинг юзага чиқишига сабаб бўлди. Халқ вакилининг беминнат кўмаги билан бугун “Янги маҳалла”ликларнинг 4 километрли ички кўчалари шағаллаштирилди.

–Маҳалламиздаги мавжуд тўртта кўчанинг ҳолати жуда абгор эди, – дейди маҳалла раиси Қодиржон Холбеков. – Бу масала бўйича бир нечта идора ва ташкилотлардан ёрдам сўрадик. Аммо барчаси “ана бўлади, мана бўлади”дан нарига ўтмади. Депутат Одинахон Отахоновага раҳмат! Уларга ишонч билдириб янглишмаган эканмиз. Улар ўз ҳомийликлари билан муаммойимизга ечим топиб берди. Энди келаётган қишни ҳам беҳадик кутиб оламиз.

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+