O’zLiDeP депутати қўрғонтепалик эҳтиёжманд оиланинг уйини таъмирлаб берди

08.09.2020, 17:26

O’zLiDeP депутати қўрғонтепалик эҳтиёжманд оиланинг уйини таъмирлаб берди

Қўрғонтепа туманидаги 9-Абдураҳмон Жомий сайлов округида учта маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. “Олтин водий”, “Хонкўча” ва “Абдураҳмон Жомий” маҳаллалари аҳли вакиллари бугун ўз депутатидан мамнун. Ишонч билдириб хато қилмаганларини ҳар қадам ҳис қиладилар. Амалий ишлар муаммоларга ечим бўлмоқда.

Депутат Ифтихор Жўраевни кўп ҳолларда аҳоли орасидан топасиз. Асли тадбиркор, тумандаги “Ягона Шарқ замини” хусусий корхонаси раҳбарининг юмушлари талай бўлса-да, сайловчилари учун доим вақт топади. Каттаю кичикнинг кўнглини бирдек олишга интилади.

Хожиакбар Усмонов А.Жомий маҳалласи, Шалола кўчаси, 10-уйда истиқомат қилади. Яшаш шароити анча оғир, очиғи, 2-гуруҳ ногирони бўлгани сабабли ҳамма юмушни бажаролмайди, саломатлиги кўтармайди. Турмуш ўртоғи унинг парвариши билан банд. Икки фарзанди хали норасида. Яшаш уйи атиги икки хонадон иборат эди, қаров ва таъмирга рўзғордан ортиниб ошинолмаган оилани бундан бир муддат илгари Яратган асради. Уй хоналарининг нураб-нураб бориши натижасида тўсатдан бир хонаси қулаб тушди! Энг ёмони, энг ачинарлиси, фарзандларининг бири ана шу қулаш оқибатида уйнинг остида қолиб бевақт нобуд бўлди. Ота-онанинг, яқинларнинг оҳи осмонни тутди. Аммо илож, имкон қайда...

  Депутат дарҳол ҳозиру нозир бўлди. Ҳатто ўзини ҳам, маҳаллани ҳам бир қадар койиди. Бу ҳолат содир бўлмаслиги учун аввалроқ нега ҳеч ким ҳаракат қилмади? Ақалли бу тўғрида мурожаат қилинмагани ҳам ачинарли... Нега маҳалланинг хабари йўқ? Таажжуб...

  Ифтихор Жўраев ҳеч кимни кутмади. Дарҳол уй қуришда моҳир уста-дурадгорлар бригадаси билан келишдию, янги уй солишни бошлаб юборди. Қуламай қолган уйнинг бори бузилиб, қайтадан янги хонадон барпо этилиши бошланди. Роппа-роса икки ой деганда нураб ётган эски ҳовли ўрнида замонавий, ошхонаси алоҳида икки хонали кенг уй қад ростлади. Деворлари қайта тикланди, дарвоза ўрнатилди.

 Фуқаро Хожиакбар Усмоновнинг уй қулашидан азият чеккан оиласи қайтарилди. Негаки, мудҳиш воқеадан сўнг рафиқаси тирик қолган фарзандини олиб ота уйига кетиб қолганди.

Муҳими, депутат хонадон соҳибини имкониятига яраша бандлигини ҳам таъминлади. “Тоза ҳудуд” туман бўлимига ишга жойлади. Баҳоли қудрат куч талаб қилмайдиган вазифа берилди. Ахир қўл билан берганга қуш тўймайди. Ўз рўзғорини ўзи тебратишга не етсин?

Мана, бугунги депутатнинг қиёфаси. Яна бир айтадиганимиз бор. Халқ ноиби билан суҳбат орасида бу воқеа хусусида сўраганимизда, гапиришни истамади: “Бу хайр-эсон бўлди. Қўйинг, айтиш ноўрин...”

Биз эса маълумотларни маҳалла аҳлию янги уй эгаларидан сўраб билдик. Айрим қорни тўқларни “боқаётган” баъзи бир киборларга намуна бўлар дея хаёлладик. Орамизда, сизу бизнинг атрофимизда шундай меҳр ва кўмакка муҳтожлар бор. Уларнинг мурожаатларини кутиб ўтирманг, ҳурматли депутат! Сиз ўзингиз боринг... Атрофингизга қаранг, И.Жўраев каби саховатпеша, ишончга фидойи депутат-сафдошларингиз бор...

Зилола РАҲМОНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят кенгаши

матбуот котиби.

Сурат қуйидаги манбадан олинди.

  • Кўрилди
    707
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+