А.Хаитов сурхондарёлик тадбиркорлар билан мулоқот қилди

16.09.2020, 18:39

А.Хаитов сурхондарёлик тадбиркорлар  билан мулоқот қилди

Аввалроқ, парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Хаитовнинг Сурхондарё вилоятидаги учрашувлари ҳақида хабар берган эдик.

А.Хаитов воҳадаги учрашувлари чоғида Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда тадбиркорлар билан учрашди.

Ўзаро мулоқотлар давомида фуқароларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар аниқланди, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилди.

–350 млн сўмга хориждан олиб келинган тез ёрдам машинаси учун 450 млн. сўм бож тўловини тўлаш лозим, — дейди “Комфорт мебель сервис” МЧЖ раҳбарининг биринчи ўринбосари Чори Қувватов. — Ахир тез ёрдам машинаси аҳолининг саломатлигини сақлаш учун сотиб олинса, қолаверса, ҳозирда чекка ҳудудларда бундай махсус машиналарга эҳтиёж кўп бўлса, нега энди уни имтиёз асосида харид қилиш мумкин эмас? Бундан ташқари, давлатларга экспорт қилинаётган товарлар рўйхати очиқланган ҳолда, эълон қилиб борилса ёки айрим маҳсулотларни жаҳон бозоридан эркин ва арзон нархларда олиш имконига эга бўлсак, ишимиз анча енгиллашарди.

Шунингдек, кредит олиш учун тижорат банкига тақдим этиладиган гаров, суғурта ҳамда кафиллик борасида ҳам тадбиркорларга енгиллик берилиши, "Ўзхимпром"нинг мебеллар учун ишлатиладиган 3 миллион сўмлик клейни жаҳон бозоридан анча арзон, яъни 1 200 000 сўмга олиш мумкинлиги ва бу борада ҳам кўмак берилиши юзасидан тадбиркор, O'zLiDeP Термиз шаҳар кенгаши депутати Геннадий Кравченя ўз фикрларини билдирди.

Халқ депутатлари OzLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Дилбар Сувонова эса Термиз шахрида фаолият кўрсатаётган 12-сонли "Меҳрибонлик уйи" битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида Термиз тумани ҳокими Шухратжон Ўринов билан ҳар бир битирувчига 2 сотихдан ер ажратиб, иссиқхона қуриш масаласини кўтарди. Халқ вакилининг мазкур таклифи шу ернинг ўзида ҳал бўлди.
Тадбиркорлар ва депутатлар шундай таклиф ва муаммоларни ўртага ташлади. Уларга жавобан А.Хаитов муаммоларнинг амалий ечимлари бўйича бир нечта таклифларни билдирди ва ҳар бир масала юзасидан депутатлик сўрови чиқарилиши бўйича O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши вакили ҳамда депутатларга топшириқ берди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    909
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+