O'zLiDeP Президентимизнинг БМТ сессиясидаги нутқидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар режасини белгилаб олди

26.09.2020, 15:39

O'zLiDeP Президентимизнинг БМТ сессиясидаги нутқидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар режасини белгилаб олди

2020 йилнинг 26 сентябрь куни O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг видеоконференцалоқа шаклидаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиядаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада партия ва унинг олдида турган устувор вазифлар белгилаб олинди.

Сўзга чиққанлар бундай нуфузли анжуманда маъруза қилиш имконияти ҳаммага ҳам берилавермаслиги, бунда давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, халқаро майдондаги обрў-эътибори, дунёда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, турли миллат ва элатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки ҳисобга олинишини алоҳида эътироф этдилар. Айниқса Президентимиз ўз нутқида ўткир ва долзарб халқаро ташаббусларни илгари сурганлиги Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганини дунё жамоатчилигига яна бир бор намоён этганлиги таъкидланди.

Хусусан, пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлиги таъкидланди. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда шундай масалалар юзага келаяптики, бу муаммоларни бирорта мамлакат якка ҳолда ҳал этиши амримаҳол. COVID-19 пандемияси ана шу жараёнга ёрқин мисолдир. Пандемия туфайли юзага келган ва бутун дунёдаги миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатган ҳозирги глобал инқироз бутун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва бунда БМТнинг ўрни нақадар муҳим эканлигини кўрсатди.

Шу маънода Президентимиз жаҳон ҳамжамиятини ушбу ташкилот атрофида янада жипслашишга, коронавирусни глобал тарқатмасликни олдини олиш борасидаги алоҳида саъй-ҳаракатларни умумлаштиришга чақирди. Зеро дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларининг мустаҳкамланиши пандемия туфайли вужудга келган кутилмаган вазиятга мослашишга олиб келади.

Шунингдек,  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи бугунги куннинг жуда долзарб масаласидир. Чунки бу борадаги алоқалар янги босқичга кўтарилса, минтақамиздаги мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити янада яхшиланади. Энг асосийси Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми ошади.

Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш масаласи ҳам қизғин қўллаб-қувватланди. Айни пайтда халқаро ҳамжамият, таниқли экспертлар ҳам ушбу муаммоларни ҳар бир мамлакат якка ҳолда эмас, биргаликда ҳал этиш энг тўғри йўл эканлигини таъкидлашмоқда. Партия нуқтаи назарига кўра тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик қобилиятларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш ҳам яхши самара беради.

Умуман олганда, илгари сурилган таклифлар бугунги кунда инсониятни ўйлантириб келаётган долзарб ва ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим чақириқдир.

Албатта илгари  сурилган ташаббус ва таклифлар сиёсий партиялар зиммасига, айниқса мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч – O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси олдига муҳим вазифалар турганлигини англатади.

Қўшма мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқидан келиб чиқиб, O`zLiDeP томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилди. Унинг доирасида қатор амалий тадбирларни ўтказишга, бу ишга ҳамкор ташкилотлардан тортиб партиянинг энг қуйи бўғинигача бўлган тизимни фаол жалб этишга алоҳида урғу берилди.

Йиғилиш сўнггида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O`zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1172
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+