"Амударё томорқа хизмати кластери" МЧЖ 4,8 млрд сўмлик лойиҳани амалга оширмоқчи

08.10.2020, 10:47

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикасида учрашувлари доирасида Амударё туманидаги тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, томорқа хизматлари кластерлари фаолияти билан яқиндан танишди.

 Амударё халқи миришкор, деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Туман қишлоқ ҳўжалигига ихтисослашган бўлиб, ҳудудда асосан мева-сабзавот, полиз экинлари етиштирилади.

"Амударё томорқа хизмати кластери" МЧЖ томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш билан бирга, улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни узоқ муддатда совутгичда сақлаб беради.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг учрашувлари мазкур жамиятда ҳам бўлди.

– Ҳозир бутун дунёда кечаётган пандемия ҳар бир давлатга ўзининг мавжуд ички ресурсларини кўриб чиқиб, фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиши лозимлигини кўрсатди, – деди А.Хаитов. – Шу сабабли юртимизда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, ҳозирги кунда "Амударё томорқа хизмати кластери" МЧЖ негизида томорқа хизмати кластерини ташкил этиш ишлари жадал тусда олиб борилмоқда. Умумий қиймати 4,8 млрд сўмлик лойиҳа доирасида 15-17 минг хонадон қамраб олинади. Мақсад битта – деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш.

Учрашувда тадбиркор келгусида ҳам режалари катта эканини, фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида музлатгич ёнидан меваларни қуритиш цехлари, кўчат помидор етиштириш учун иссиқхона қурмоқчилигини қайд этди.

 Спикер ўринбосари бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, фаолиятини кенгайтиришда депутатлар ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмаклашишини маълум қилди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    829
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+