Бухорода ёшларнинг ишсизлик даражаси 15,2 фоизни ташкил этмоқда

11.10.2020, 09:59

Бухорода ёшларнинг ишсизлик даражаси 15,2 фоизни ташкил этмоқда

Бухоро вилоятида 113,2 минг аҳоли иш билан банд бўлмаган фаол иш қидирувчи бўлиб, ишсизлик даражаси 13 фоизни ташкил қилади. 33,9 минг нафар ёшлар ишга жойлаштиришга муҳтож. Ёшлар орасида ишсизлик даражаси 15,2 фоизни ташкил этмоқда.

Халқ депутатлари Бухорo вилояти кенгашининг ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақида сўз борди. Комиссия йиғилишида комиссия аъзолари, ташкилот, муассаса раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишни комиссия раиси, 46-Сармижон сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгашига O'zLiDePдан сайланган депутат Бобомурод Очилов олиб борди.

Жорий йилнинг 9 ойида меҳнат органлари томонидан 18,1 минг нафар ёшларга хизмат кўрсатилди. Хусусан, 7,1 минг нафар ёшлар доимий иш жойларига жойлаштирилди. 0,9 минг ёшлар касбга ўқитилди. 1,3 минг ёшлар ишсизлик нафақаси билан таъминланди. 1,5 мингга яқин ёшларга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди. 7,3 мингдан ортиқ ёшлар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Уларнинг иш ҳақи тўлови учун Жамоат ишлари жамғармасидан 5,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ молиялаштирилди. Ёшлар бандлигига кўмаклашиш борасида вилоятда амалга оширилган ишлар тўғрисида кун тартибидаги масала юзасидан вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи А. Ҳамроев таъкидлаб ўтди.

Комиссия йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати, уларнинг маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти Бухоро филиалида амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш йўлида олий таълим муассасаларида муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, пандемия шароитида онлайн гуруҳларга ёшлар санъат, мусиқа, спорт йўналишлари бўйича ўз ижодларини намоён этган ҳолда кўрик танловларга жалб қилинган. Талабалар турар жойларида ташаббусга мослаштирилган хоналарда “Ёш қаламкашлар”, “Театр – тарбия маскани”, “Ватан бўйлаб сайр қиламиз”, “Ёш мусаввирлар”, “Моҳир қўллар”, “Пазанда бекажон”, “Заковат” талабалар лигаси тўгаракларининг доимий фаолияти йўлга қўйилган. Спорт-соғломлаштириш, ўзбек миллий кураши, дзюдо, волейбол, баскетбол, футбол ва бошқа спорт турлари тўгараклари ёшлар ихтиёрида. 30 та компьютердан иборат АКТ хонасида ёшларни интернет ва ахборот технологияларидан фойдаланишлари учун барча қулайликларга эга компьютер технологиялари фаолият олиб бормоқда.

Кун тартибига қўйилган барча масалалар депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зариф Комилов,

O'zLiDeP Бухоро вилояти

Кенгаши бўлим мудири 

  • Кўрилди
    831
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+