Ўзбекистон - БМТ: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги мустаҳкам ҳамкорлик

16.10.2020, 14:23

Ўзбекистон - БМТ: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги мустаҳкам ҳамкорлик
Бугун Ўзбекистон ўз мустақил тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига қадам қўйди. Бу йўлда у жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, давлатимизнинг ҳозирги мураккаб шароитда давримизнинг энг обрўли халқаро тузилмаси — БМТ билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, кундан-кунга фаоллашиб бормоқда.
 
Президентимизнинг 2017 йил сентябрь ойида Ню-Ёрк шаҳрида ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки ва ушбу ташкилот юқори минбаридан туриб илгари сурган қатор муҳим ташаббуслари мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган эди.
 
Жорий йилда давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг 2021-2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши масаласини изчил илгари сургани ҳам бежиз эмас, албатта. Инчунин, бугун БМТ халқлар ва миллатлар ўртасида тинчлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашда замонавий халқаро муносабатларнинг бутун тизимидаги марказий институционал бўғини ҳисобланадиган универсал ташкилотга айланди. Ўзбекистон эса ана шу йирик ташкилот билан халқаро муносабатларни янада ривожлантириш йўлидан бормоқда.
 
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, сўнгги тўрт йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотлар амалга оширилди.
 
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, жумладан, Бирлашган миллатлар ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда. Шу боисдан мамлакатимизнинг илк бор Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига уч йиллик муддатга аъзо сифатида сайланиши чиндан-да тарихий воқеа бўлди.
 
Бугун БМТ фаолиятининг учта устувор йўналиши мавжуд бўлиб, биринчиси, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иккинчиси, барқарор тараққиётни таъминлаш, учинчиси эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзда тутади. Шу жиҳатдан, 2006 йилда таъсис этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ташкилот Бош ассамблеясининг мазкур йўналишдаги асосий органи ҳисобланади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича сиёсати ҳам айнан шу Кенгашда ишлаб чиқилади.
 
Айни вақтда Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари БМТ фаолиятига ҳамоҳанг, деб баралла айта оламиз. Мамлакатимизнинг Кенгашга сайланиши замирида ҳам Президентимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган оқилона сиёсати ётади. Зеро, охирги уч йилда юртимизда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганига барчамиз бевосита гувоҳ бўляпмиз.
 
Бу йўналишда Парламент фаолиятида ҳам бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудудларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда, аҳолининг ҳақли талаб-истакларидан келиб чиққан ҳолда, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг тўғри ечимини таъминлаяпти. Мазкур жараёнларда бир қатор ташкилотларнинг ҳаракати, изланишлари натижасида юртимизда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилди.
 
Яна бир муҳим жиҳат. Юртимизда инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳар томонлама камол топтириш Бош Қомусимизнинг асосий ғоясига айлантирилган. Зеро, инсон ҳуқуқлари, қадр-қимматини эъзозлаган, ҳурмат қилган барча давлатлар бугун тараққиёт сари одимламоқда. Инсон қадр топса, ҳурмат қилинса ва эркинликка эга бўлса, унда яратувчанлик, изланиш, ўз устида ишлаш ва ҳаётдан розилик кайфияти пайдо бўлади. Бундай ёндашувдан эса ҳам инсон, ҳам давлат манфаатдор бўлиши керак.
 
Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини намоён қилиш, юртимизда кечаётган улкан ислоҳотлар ва янгиланишлар даврида аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифалардан бири саналади. Бу борада БМТ ҳамда бошқа халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорликни олиб бориш эса албатта, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.
 
Актам ҲАИТОВ,
 
Олий Мажлис Қонунчилик
 
палатаси Спикери ўринбосари,
 
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
  • Кўрилди
    786
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Набижон2020-10-16 14:43:43

Ўзбекистон Республикасининг юксак маысадларга эришиши учун хизмат қилади!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+