Рақамли иқтисодиёт бизга нима беради?

29.10.2020, 15:10

Рақамли иқтисодиёт бизга нима беради?

Бугун рақамли технологиялар, рақамли иқтисодиёт ҳақида жуда кўп гапирилаяпти. Чунки ҳар соҳада янгиланаётган Ўзбекистон учун бу табиий жараён. Энди истаймизми йўқми, қайси соҳа бўлмасин, замонавий ахборот технологияларига эҳтиёжи кучайиб бораверади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда O'zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган Республика ёшлар конференциясида ҳам шу ҳақда атрофлича сўз юритдик, фикр алмашдик, таклифларимизни ўртага ташладик.

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди деганларидек, рақамли технологиялар ҳақида гапириш осон, лекин уни иқтисодиётнинг  турли тармоқларига жалб қилиш кўп меҳнат ва билим талаб қилади. Йиғилишда айни шу масалада мулоҳаза юритиб соҳани ривожлантиришда  замонавий касб ва билимларни пухта эгаллаб келаётган ёшларнинг ўрни ниҳоятда муҳим эканлиги якдиллик билан қайд этилди.

Ўрни келганда рақамли иқтисодиёт нега керак ва у бизга нима беради деган саволга қисқача тўхталиб ўтсак. Кўпчилик, рақамли иқтисодиёт деганда, фақатгина Блокчейн технологиясини ва улардан халқаро молия бозорларида фойдаланиш масалаларини ёки криптовалюталарни тушунади. Тўғри, блокчейн технологияси, криптовалюталар ҳам рақамли иқтисодиётнинг ажралмас қисми. Лекин рақамли иқтисодиёт деганда, рақамли коммуникациялар, IT ёрдамида олиб бориладиган иқтисодиёт тушунилади. Бунинг афзаллиги шундаки, аввало яширин иқтисодиётга барҳам берилади. Негаки, барча операциялар электрон рўйхатдан ўтади ва тизимнинг шаффоф бўлишига эришилади. Лўнда қилиб айтганда, коррупциянинг олди олинади. Қолаверса, ишлаб чиқаришда янги IT технологиялар қўлланилиши туфайли маҳсулот ва хизматларнинг таннархи пасаяди.

Партиямиз сайловолди дастурида ҳам бу борада аниқ вазифалар қўйилган. Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини жорий этиш, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришни таъминлаш шулар жумласидандир.

Мақсад, вазифа аниқ. Фақат уни ҳаётга тадбиқ этиш керак. Ҳамма гап шунда.  Уларни амалга оширишга озгина бўлсада ҳисса қўшиш учун қуйидаги таклифни илгари сурмоқчиман. Ҳар ойда ёки ҳар чоракда иқтидорли ёшлар учун танловлар уюштириб, рағбатлантириб боришни йўлга қўйиш лозим. Бунга имкон қадар амалий ёндашиш керак. Очиғи, авваллари илмий ишлар, ихтиролар учун ажратилган маблағлар ҳаммаси қоғоз билан бошланиб, қоғоз билан тугарди. Ҳеч ким олимларга илмни маҳсулот кўринишигача олиб кел, деган талабни қўймасди. Илмий ишларнинг барчаси оптиммалаштириш, муқобиллаштириш, таҳлил билан тугарди. Бир сўз билан айтганда, “Стартап” лойиҳалари ва илмий ишларни тўғридан-тўғри бизнесга йўналтириш тизимини яратишимиз керак.

Яна бир гап. Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шу бўлдики, унда  айни пайтда ахборот технологияларига ихтисослашган халқаро компанияларда фаолият юритаётган ёки таҳсил олаётган юртимиз ёшлари билан онлайн тарзда фикр алмашиш имкониятига эга бўлдик. Назаримда бундай амалий тадбирларни тез-тез ўтказиб туриш керак.

Шозафар Шоаҳмедов,

O'zLiDeP Яшнобод тумани Кенгаши раисининг

 ёшлар масалалари бўйича ўринбосари,

“Ёшлар парламенти” аъзоси

  • Кўрилди
    447
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+