Яширин иқтисодиёт: унга қарши курашишда асосий куч бизнес ва жамоатчиликдир

04.11.2020, 10:32

Яширин иқтисодиёт: унга қарши курашишда асосий куч бизнес ва жамоатчиликдир
Мамлакатимизда пул-кредит, валюта, солиқ ва ташқи савдо сиёсати соҳаларида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шароитлар яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш долзарб вазифалардан саналади. Шу боис кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда.
 
Хусусан, 2020 йилдан қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини барча тадбиркорлик субъектларига қайтаришнинг соддалаштирилган тизими татбиқ этилди. Жорий йилнинг ўн ойи давомида ушбу тизим доирасида тадбиркорлик субъектларига 5 триллион сўмдан зиёд маблағ қайтарилди.
 
Лекин шунга қарамай, мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг улуши ҳамон юқори даражада сақланиб қолмоқда. Савдо ва умумий овқатланиш, уй-жой қурилиши ва таъмирлаш, тураржой хизматларини кўрсатиш каби соҳаларда бу жараён янада яққол намоён бўлаётир.
 
Хўш, яширин иқтисодиётнинг ўзи нима? Унинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Мамлакатда яширин иқтисодиётни қисқартириш учун қандай чораларни кўриш керак?
 
Яширин иқтисодиёт бу – иқтисодий фаолиятни жамиятдан яшириш ва давлат томонидан назорат ҳамда ҳисоботи юритилиши олиб борилмаслигини, шу билан бирга, иқтисодиётнинг кузатиб бўлмас ва норасмий қисмидир. Бошқача айтганда, яширин иқтисодиёт мавжуд қонун ва жамият қоидаларини четлаб ўтувчи жамиятдаги фуқароларнинг иқтисодий алоқалари десак ҳам бўлади.
 
Жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида яширин иқтисодиёт мавжуд бўлиб, ҳозирга қадар ҳеч бир мамлакатда уни буткул йўқ қилишга эришилмаган. Лекин кўп давлатларда бундай иқтисодиётнинг улуши ва таъсири минимал даражада камайтирилган. Бу ҳақда гапирганда Европа давлатлари тажрибасини мисол қилиб келтириш мумкин. Негаки, бу давлатларнинг аксарияти яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда солиқ механизмларига алоҳида эътибор қаратган. Чунки айнан солиқларнинг юқори даражадалиги кўп ҳолларда яширин иқтисодиётнинг палак отишига туртки берадиган омиллардан ҳисобланади.
 
Яширин иқтисодиёт нафақат мураккаб ижтимоий-иқтисодий воқелик, балки давлат ҳисоби ҳамда назоратидан ташқарида ривожланадиган ва шу сабабдан ҳам расмий статистикада акс этмайдиган хўжалик фаолиятидир. Мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш учун ривожланган давлатларнинг босиб ўтган йўллари чуқур таҳлил қилиб, ўзимизга мос бўлган йўналишларга таяниб, босқичма-босқич амалга ошириш лозим, деб ўйлайман.
 
Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши курашишда асосий куч бизнес ва жамоатчиликдир. Жамиятдаги бошқа кучлар, биринчи навбатда, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик бу муаммога ўз муаммоси сифатида қарасагина, уни ҳал қилишда сезиларли натижаларга эришиш мумкин.
 
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябрдаги «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони шубҳасиз, мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражасини пасайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди.
 
Унга биноан, 2021 йил 1 январдан2022 йил 1 январгача бўлган муддатга умумий овқатланиш соҳасидаги кичик бизнес субъектларининг банк карталаридан фойдаланган ҳолда, жисмоний шахслардан олган даромадлари умум белгиланган солиқлар, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғини тўлашга мажбурий ўтиш учун умумий даромадга киритилмайди. Бу ўз навбатида, банк пластик карталарини чекловсиз қабул қилиш орқали даромадларни ошириш, олинган суммаларни тўлиқ акс эттиришга шароит яратади.
 
2021 йил 1 январдан бошлаб риелторлик хизматлардан олинадиган даромадларни қонуний муомалага жалб қилиш учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача камайтирилиши эса кўчмас мулк бозоридаги яширин иқтисодиётни қисқартиришга таъсир этади.
 
Фармон билан қурилиш корхоналарига ҳисобот даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш фонди жами миқдорининг 10 фоизидан ошмаган ҳажмда (ижтимоий солиқ суммасини ҳисобга олмаганда) иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан муддатли равишда ишчилар ёллашга ҳам рухсат берилмоқда. Бунда қурилиш ташкилотлари белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқнинг тўланишини таъминлайди.
 
Шунингдек, ҳар ойда шартнома тузмасдан ёлланган ишчиларга тўланган нақд пул миқдорини кўрсатган ҳолда уларнинг реестрини давлат солиқ хизмати органларига тақдим қилиб боради.Давлат солиқ хизмати органлари қурилиш ташкилотлари томонидан тақдим этилган реестрлар асосида солиқ тўловчиларни автоматик равишда идентификация қилади ва тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисобга олинишини таъминлайди.
 
Аҳамиятли томони шундаки, мазкур фармонга асосан яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича махсус комиссияҳамдаяширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳудудий комиссияларташкил этилмоқда.
 
Бизнеснинг «соядан» чиқишини рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш чораларини кўриш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шаклланган бизнес юритиш амалиётига мослаштириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш фаолиятини «пулни ювиш»га қарши курашиш соҳасидаги ташкилотлар фаолияти билан мувофиқлаштириш кабилар Махсус комиссиянинг асосий вазифасиҳисобланади.
 
Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳудудий комиссиялар эса тадбиркорларга фаолиятини қонунийлаштиришда ва зарур рухсатномаларни олишда ёрдам бериш, шунингдек, улар билан профилактика ишларини олиб бориш, яширин иқтисодиётнинг шаклланишига олиб келадиган сабаблар ва омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш, ноқонуний олиб кирилган ёки контрафакт товарларни ҳамда юк ташиш ҳужжатларисиз мамлакат ичида ҳаракатланаётган товарларни сотишга қарши курашиш билан шуғулланади.
 
Фармонда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда вазирлик ва идораларнинг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича «йўл харита»си тасдиқланиши ҳам белгиланган. Эндиликда Махсус комиссия яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш бўйича, жумладан, «йўл харитаси»да кўзда тутилган чора-тадбирларга доир таклифлар муҳокама қилинишини таъминлайди, шунингдек, ҳар ой эришилган натижалар бўйича ҳисоботларни эшитиб боради.
 
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, яширин иқтисодиёт ошкора пайқаб бўлмайдиган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш,истеъмол жараёнлари — иқтисодий муносабатлар бўлиб, унинг негизида айрим кишилар ёки кишилар гуруҳи манфаатлари ётади.Мазкур фармон мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш, солиқ қонунчилиги талабларига риоя қилиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш ва унинг тартибини соддалаштиришга хизмат қилади.
 
Актам ҲАИТОВ,
 
Олий Мажлис Қонунчилик
 
палатаси Спикери ўринбосари,
 
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
  • Кўрилди
    1032
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+