Қорақалпоғистонда 2020-2021 йилларда кузги-қишки даврда қанча гектар майдонда шўр ювиш тадбирлари ўтказилади?

05.11.2020, 14:12

Қорақалпоғистонда 2020-2021 йилларда кузги-қишки даврда қанча гектар майдонда шўр ювиш тадбирлари ўтказилади?

Сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва экин майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш долзарб вазифалардан саналади. Шу боис, кейинги йилларда юртимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Албатта, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш, ерларнинг унумдорлигини оширишга алоҳида қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида «Шўрланган ерларнинг шўрини ювиш» мавзусида ташкил этилган кўргазмали илмий-амалий семинарда алоҳида таъкидланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳаитов ҳамда тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари иштирок этган семинарда тупроқнинг шўрланиш даражасини пасайтириш ва унинг олдини олиш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Шўр ювиш учун дастлаб ер майдони чизелланиши, сўнгра текисланиб, марзалар олиниб, сув тўплаш учун поллар ва ўқ ариқлар ҳосил қилиниши, уларнинг катталиги тупроқнинг сув сингдирувчанлик хусусияти, ернинг қандай текисланганлиги ва нишабига қараб турлича олиниши мумкинлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, шўрланган тупроқларнинг шўрини ювиш учун энг мақбул вақт октябрь ойидан декабрь ойигача давом этади. Баъзида эса қишки совуқлар сабабли шўр ювиш баҳорга қолдирилади. Баҳорги шўр ювишларнинг натижаси эса кузги ювишдагидек бўлмайди. Бунда экишга тайёрлаш ва экиш ишларининг кечикиши кузатилади.

— Бугун аввалги йиллардагидек, ойлаб шўр ювишга сув беришнинг имкони йўқ. Демак, мавжуд сувлардан оқилона фойдаланиш учун ерларни шўр ювишга сифатли тайёрлаш лозим, — деди А.Ҳаитов. — Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2021 йилларда кузги-қишки даврда жами 155,72 минг гектар майдонда шўр ювиш тадбирларини ўтказиш белгиланган бўлиб, шундан 23,37 минг гектари кучли шўрланган майдон бўлса, 77,85 минг гектари ўрта ва 54,49 минг гектари кучсиз шўрланган майдон ҳисобланади. Шу боисдан барча туманлардаги экин майдонлари кесимида шўрланиш даражаси ва шўр ювиш тадбирларини ўтказиш жадваллари ишлаб чиқилган.

Семинарда сўз олганлар шўр ювиш ишлари ернинг шўрланганлик даражасига қараб 5-6 мартагача амалга оширилишини, бу жараёнда тупроқ таркибидаги тузлар ер остига сингиши ва зовурлар орқали чиқариб юборилишини айтиб, кучли шўрланувчи ерларнинг шўрини тез-тез ювиб турилса, ҳосилдорлик шўр ювилмагандагига нисбатан 4-5 марта юқорироқ бўлиши таъкидлади.

Илмий-амалий семинарда шўрланган майдонларда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар, қўлланиладиган воситалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

  • Кўрилди
    804
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+