Ёш тадқиқотчиларни илм-фан соҳасига жалб қилишга қай даражада эътибор қаратиляпти?

06.11.2020, 09:31

Ёш тадқиқотчиларни илм-фан соҳасига жалб қилишга қай даражада эътибор қаратиляпти?

Инновация — бу бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгилик. У инсоннинг интеллектуал фаолияти, унинг фантазияси, илмий-ижодий дунёқараши, яратган кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлик ғояларининг якуний натижаси ҳисобланади.

Айтиш мумкинки, инновациялар бир марталик ташкилий-техникавий тадбир эмас, улар бир томондан инвестициялар ва молиявий ресурслар, иккинчи томондан эса илм-фан, илмий тадқиқотлар ва ишланмалар билан боғлиқ. Замонавий илмий тадқиқотларсиз, илм-фан ва ишлаб чиқаришни узвий боғлашга, иқтисоддаги таркибий ўзгаришларга ва инновацион модернизациялашга эришиб бўлмайди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, бугун мамлакатимизда инновацион ривожланиш соҳасига оид илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Илм-фан ютуқларини рақамлаштириш ва ёшларни илмий фаолиятга жалб қилишга қаратилган  ислоҳотлар самара беряпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги «Ҳукумат соати»да Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ушбу масалалар юзасидан ахборот берди.

Илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш Ўзбекистон Республикаси жадал ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда инновацион ривожланиш соҳасидаги қатор дастурлар, чора-тадбирлар тизимли ва изчил амалга оширилаётир.

Хусусан, биргина 2018-2020 йилларда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларини 95 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга 52,3 млрд. сўм йўналтирилган. Шунингдек, 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 99 турдаги 61,3 млрд. сўмлик асбоб-ускуналар харид қилиниши режалаштирилган.

Ёш илмий арбобларни кўпайтириш, илмий ҳамжамиятнинг ўртача ёшини пасайтириш ҳамда табиий ва гуманитар фанларни ёшлар орасида ривожлантириш мақсадида вазирлик ҳузурида Ёшлар академияси ҳамда Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани шубҳасиз, ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини оширишда муҳим воқелик бўлди.

Бугунги кунда Ёшлар академияси аъзолари геология, биология, қишлоқ хўжалиги, кимё саноат, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, саноат дизайни ва 3D моделлаштириш соҳаларида ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Кейинги беш йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга оширилиб, 2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улушини амалдаги 8 фоиздан 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказилади. Энг муҳими, инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида хорижий етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаларини ташкил қилинади. Шубҳасиз, бу ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилишга қаратилган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир.

Ахборотда бугунги кунда илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш, мамлакатимизнинг ҳар бир олий-таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси билан нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилиб, бу борада инновацион ва долзарб илмий ишланмани хорижда рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида тегишли Низом асосида илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари таклифлари асосида 100 та ишланма бўйича таклифлар шакллантирилгани қайд этилди.

Ҳозирги кунда аҳоли бандлиги кафолатланиши ва турмуш тарзи фаровонлашишида локоматив вазифасини ўтаб келаётган ишлаб чиқариш корхоналарида инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, кадрлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш, уларни илмий фаолиятга йўналтириш ҳамда илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳозирги пайтда ҳаётий зарурратдир.

Мамлакатнинг оқил, маърифатли, саводли инсонлари цивилизацияни белгилаб бериши ҳаммамизга яхши маълум. Шу жиҳатдан илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказилиши муҳим ташаббусдир. Бинобарин, глобаллашув шароитида янги фикр ва янги инновацион ғоя бўлмаса, иқтисодиётни юксалтириш мушкул кечади. Бу борада инновацияга ҳар қандай турдаги янгилик сифатида эмас, балки мавжуд тизимнинг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил сифатида қарашимиз лозим.

Умуман олганда, инновация — бу иқтисодий ўсиш, демакки ижтимоий фаровонлик ва жамият ривожи гаровидир. Шундай экан, эндиликда Инновацион ривожланиш вазирлиги иқтисодиёт соҳаси билан бирга, энг муҳим лойиҳаларни ҳам амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажариши керак.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    483
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+