Элликқалъада минг гектар майдонда саноатбоп узум навлари етиштирилади

08.11.2020, 11:04

Элликқалъада минг гектар майдонда  саноатбоп узум навлари етиштирилади

Мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларида сифатли уруғлик ҳосилдорликнинг гарови бўлганидек боғдорчиликда ҳам яхши кўчат мева ҳосилининг баракали бўлишини таъминлайди.

Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳият бор. Элликқалада ҳам ҳосилдор ерлар, деҳқончиликни яхши биладиган одамлар кўп. Шу боис, ҳудудда боғдорчиликни ривожлантириш орқали  аҳолини озиқ-овқат ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, минг гектар майдонга токзор барпо этилаётир. 

Бу ҳақда бугун Элликқалъа туманида узумчилик саноатбоплари навларини яратиш масалаларига бағишланган семинарда маълум қилинди.

Тегишли соҳа вакиллари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Aктам Хаитов, қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари, фермерлар, тажрибали боғбон ва мутахассислар иштирок этган семинарда охирги йилларда юртимизда узумчиликни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.  

Семинарда тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда токзор яратиш, узумчиликни янада ривожлантириш, янги, истиқболли навларни яратиш, боғ ва токзорларни суғоришда янги технологияларни кенг жорий этиш бўйича фикр алмашилди.

– Узум боғ мевалари орасида юқори ҳосилдорлиги, мевасининг мазалилиги ва ҳар қандай тупроқ шароитига мослашиши билан бошқа мевали дарахтлардан ажралиб туради, – деди А.Хаитов. – Айни дамда мамлакатимизда унинг қирққа яқин тури парваришланади. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 8 минг гектардан ортиқ майдон ташаббускорларга узумзор барпо этиш учун ажратиб берилмоқда. Эътиборли жиҳати, ташкил этиладиган токзорларга фермер хўжаликларининг ўз маблағлари билан чекланилмасдан, бир нечта банк филиалларининг молиявий кўмаги ҳам йўналтирилади.

Семинарда саноатбоп узум етиштиришни кўпайтириш, янги токзорлар барпо этиш бўйича аниқ вазифалар, шунингдек, боғларни парваришлаш, мевали дарахтларга кимёвий ишлов бериш борасида янги технологияларни қўллаш самаралари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

  • Кўрилди
    1126
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+