O`zLiDeP вакиллари ва ёшлар сайхунободлик ёш фермернинг тажрибаси билан ўртоқлашди

09.11.2020, 14:32

O`zLiDeP вакиллари ва ёшлар сайхунободлик ёш фермернинг тажрибаси билан ўртоқлашди

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими ташаббуси  билан “Тадбиркорлик ва фермерлик: имконият ва истиқбол” мавзусида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда вилоят ва туман Кенгаши ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, депутатлар, фаол ва вақтинча ишсиз бўлган ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Сайхунобод туманидаги “Алимбек” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, тадбир қатнашчилари фермер хўжаликларининг кўп тармоқли фермер хўжалигига айланиши уларнинг иқдисодий қудратини ошириш баробарида даромадини ҳам оширишга хизмат қилишининг гувоҳи бўлишди.

O`zLiDeP фаоли, ёш фермер Алимжон Завқиев раҳбарлик қилиб келаётган мазкур фермер хўжалигида тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Синтоб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2001 йил ташкил қилинган мазкур фермер хўжалигини дастлаб Алимжоннинг отаси Жиянмурод Завқиев бошқариб келган.

Ж.Завқиев фермер хўжалигини 2011 йилда Тошкентдаги иқтисодиёт университетини тугаллаб келган ва  Халқ банки Сайхунобод туман филиалида ишлаётган ўғли Алимжонга ишониб топширди. 2016 йилдан буён отасининг ишончини қозониб фермер хўжалигини намунали бошқариб келаётган Алимжон  ўтган йиллар мобайнида яхшигина тажриба орттирди. Хўжаликни омилкорлик билан бошқаришни ўрганди.

Шу вақтга қадар ўзимизнинг жайдари молларни боқиш ва кўпайтириш билан шуғалланиб келган фермер мазкур йилнинг август ойида Украинадан
33 бош қора ола зотли ғунажинларни олиб келиб парваришлашни йўлга қўйди. Бугунги кунда ўша моллар 20 тага кўпайди. Айни пайтда қолганлари ҳам болалаш арафасида.

- Ундан ташқари 70 бош қорамолимиз бор, - дейди Алимжон Завқиев. - Бир кунда 300-350 литр сут соғиб оламиз. Талабга қараб болалар боғчасига ҳамда мунтазам равишда тумандаги “Муҳаммад Сиддиқ” номли сутни қайта ишлаш корхонасига етказиб берамиз. Хўжалигимиздаги 80 та қўй ҳамда Қорабайир отлари, 100 дан зиёд парранда ҳам боқилмоқда.

Фермер хўжалиги томонидан 2014 йилда 90 сотих майдонда ташкил қилинган балиқчилик хўжалиги ҳам яхши даромад келтиряпти. Ўтган йили балиқнинг “Толсталоб”, “Оқ амур”, Сазан” каби навларини етиштирган  фермер хўжалиги балиқчиликнинг ўзидан 15 миллион сўмдан зиёд даромад қилишди. Алимжон Завқиевнинг шаҳодат беришича, сайхунободликлар дастурхонига
2 тоннадан зиёд парҳезбоп гўшт етиштириб бериш ниятидалар.

Алимжон Завқиев эндиликда ўзларида сутни қайта ишлаш кичик корхонасини ташкил қилиб ўндан зиёд сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ниятида. Фермер хўжалигида 20 нафардан зиёд доимий ва мавсумий ишчилар меҳнат қилишмоқда. У янги корхона фаолиятини йўлга қўйиш билан ўн нафарга яқин қишлоқдошларининг бандлигини таъминлашни мақсад қилган.

33 ёшли фермернинг ниятлари катта. Аммо иш фаолиятида ютуқлар билан бир қаторда хўжаликни янада ривожлантириш учун бирмунча қийинчиликлар ҳам йўқ эмас.

- Фермер хўжалигимиздаги чорва молларини тўлиқ озуқа билан таъминлашда бироз муаммо бўлмоқда, - дейди Алимжон Завқиев. - Чорва моллари озуқасини етиштириш учун ажратилган 30 гектар ер майдони бу йил чорва моллари бош сонининг ортиб бориши ҳисобига уларнинг эҳтиёжини қондира олмайди. Бу борада ёрдам сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Яқин кунларда бу муаммо ҳам ижобий ҳал бўлса ажаб эмас.

Алимжон Завқиев мулоқот чоғида ҳамда фермер хўжалиги фаолияти билан таништириш баробарида иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди. Ёшлар иштирокидаги тадбир мазмунли, мароқли ва самарали якун топди.

Абдужаббор Эрназаров,

O`zLiDeP Сайхунобод туман Кенгаши

Аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    769
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+