Сурхондарёлик мутасадди раҳбарлар тўққиз ойлик фаолияти юзасидан O‘zLiDeP депутатларига ҳисобот берди

12.11.2020, 17:26

Сурхондарёлик мутасадди раҳбарлар тўққиз ойлик фаолияти юзасидан O‘zLiDeP депутатларига ҳисобот берди

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг вилоятда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг 2020 йил 9 ойлик якунлари бўйича эшитуви бўлиб ўтди.

Унда депутатлик гуруҳи вакиллари вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси, инвестициялар ва ташқи савдо, шунингдек, молия бош бошқармаларининг ҳисоботини тинглади.

Ҳар бир бошқарма ўтган давр мобайнида вилоятда қилинган ишлар ва 4 чоракда амалга ошириладиган режалар хусусида маълумот беришди.

- Эшитув давомида вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси вакилидан жорий йил қиш мавсуми учун озиқ-овқат захираси қандай шакллантирилаётгани ҳақида сўрадик, - дейди O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Алишер Норқобилов. - Айни пайтда 43 минг тонна картошка, сабзи, пиёз, гуруч ва бошқа зарур маҳсулотлардан иборат захира шакллантириш учун 258 та корхона жалб этилгани маълум бўлди. Уларга 25 миллиард сўм кредит маблағи ажратиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда шундан 17 миллиард сўм маблағ тадбиркорларга имтиёз асосида берилган. Қолган кредитларни ҳам ўз вақтида ажратиш ва озиқ-овқат захирасининг қолган қисмини ҳам кечиктирмасдан тўлдириш лозимлиги таъкидланди. Чунки бу қиш келиши билан бозордаги нархларнинг сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олади.

Бундан ташқари, вилоят кенгаши депутати Дилбар Сувонова вилоятимизда хусусий мактаблар очиш, уларни кўпайтириш учун ҳам имтиёзли кредитлар ажратиш таклифи билан чиқди. Бу бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига алоҳида таклиф киритиладиган бўлди.

Эшитув давомида вилоятдаги инвестиция лойиҳалари, вилоят бюджет маблағларининг харажатлари бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, депутатлар томонидан  ҳудудларда айрим тадбиркорларни қийнаётган масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Дарвоқе, O‘zLiDeP ташкил топганига 15 ноябрь куни 17 йил тўлади. Ушбу кун муносабати билан эшитув ниҳоясида O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси А.Рўзиев сўзга чиқиб, йиғилишда иштирок этган бошқармалар вакилларига миннатдорчилик билдириб, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Шундан сўнг, уларга партиянинг эсдалик совғаларини улашди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    490
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+