Ўзбекистон — ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони

12.11.2020, 17:37

Ўзбекистон — ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисидаги нутқида ўткир ва долзарб ташаббусларни илгари сурганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нуфузли халқаро ташкилотлар орасида тобора муносиб ўрин эгалламоқда, минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишнинг таъсирчан омили бўлиб хизмат қиляпти. Асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат бўлган бу нуфузли ташкилот бугунги кунда ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турибди.

Ҳозирги мураккаб шароит, барчамиз кўриб турибмизки, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизлар сонининг ортишига олиб келди. Ачинарли жиҳати, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашяпти, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда. Ушбу глобал хатар ва таҳдидларни фақатгина яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатлар бирлашуви йўли билангина енгиб ўтиш мумкин. Бундан бошқа йўли ҳам, ўзга чораси ҳам йўқ. Шу жиҳатдан умумий қадриятимиз, биргаликда тараққиётга интилишимиз, давлатлараро иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш орқали ҳар томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси – “Шанхай руҳини” мустаҳкамлаш айни вақтда ҳаётий зарурат бўлиб турибди. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ ҳам кучли бўлади.

Партиямиз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ШҲТ мамлакатлари ўртасида иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари асосий мақсадлардан биридир. Энг аввало, савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини кучайтириш муҳим вазифалардан саналади. Бу эса ўзаро савдо алоқаларида дуч келаётган айрим тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни имкон қадар уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутади. Биз бу истиқболли чора-тадбирларни сайловчиларнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради, деб ҳисоблаймиз.

Давлатимиз раҳбари анжуманда иқтисодий ўсишни таъминлашда ахборот технологияларининг роли ортиб бораётганини алоҳида қайд этиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини ўқитишга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича дастурини ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган янги хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш кўламини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Бу борада мамлакатларимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши курашиш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш таклиф этилди. Бунинг натижасида инфекцион касалликларни диагностика, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма врачлар гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва уларни тайёрлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имконияти янада кенгаяди.

Президентимиз камбағалликни қисқартириш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишнинг долзарб аҳамиятини алоҳида қайд этар экан, бу борада ташкилот доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари йиғилишлари механизмини яратиш ва тегишли дастурий ҳужжат тайёрлашни ҳам таклиф этди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимиз халқаро форум ўтказишга тайёр экани билдирилди.

Ҳақиқатдан ҳам, бугунги шароитда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга йўналтириш ғоят муҳимдир. Бу борадаги ҳамкорлигимизни мувофиқлаштириш мақсадида қашшоқликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш яхши самара беради.

Нутқда халқаро ҳамжамият, шу жумладан, ШҲТ мамлакатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли қўшни Афғонистонда низони тинч йўл билан тартибга солишда умид бағишловчи истиқболлар кўринаётгани, тинчликка эришиш, афғон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлидаги ушбу ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаш учун имкониятларни бирлаштириш муҳимлигига алоҳида урғу берилди. Президентимиз саммит иштирокчиларини Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишни қўллаб-қувватлашга чақирди. “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди. Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу саъй-ҳаракатлар албатта, минтақада ва дунёда тараққиёт ҳамда фаровонлик таъминланишига хизмат қилади.

Келгуси йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 20 ёшга тўлади. Президентимиз ушбу муҳим сана арафасида “ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги роли” халқаро форумини ўтказишни илгари сургани, шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ролини янада оширди.

Саммит якунида ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзолангани албатта, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, илгари сурилган таклифлар бугунги кунда инсониятни ўйлантириб келаётган долзарб ва ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим чақириқдир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    760
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+