“Қашқадарёда водий тажрибасини кенг ёйиш” лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда

19.11.2020, 16:00

“Қашқадарёда водий тажрибасини кенг ёйиш” лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда

Президентимиз Қашқадарёга ташрифи чоғида  вилоятда боғ ва токзорларни кўпайтириш, ҳосилдорлигини оширишда водий тажрибасидан унумли фойдаланиш ҳақида мутасадди раҳбарларга топшириқлар берган эди. Шу асосда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан “Қашқадарёда водий тажрибасини кенг ёйиш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Айни пайтда мазкур лойиҳа асосида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавот маҳсулотлар етиштиришда катта тажриба тўплаган соҳибкору деҳқонлар, соҳани яхши биладиган олим ҳамда етук мутахассислар Қашқадарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонлари эгаларига ўз тажрибалари асосида семинар-тренинглар ўтказмоқдалар.

- Водийлик олимлар, мутахассислар, соҳибкору боғбонлардан тузилган ишчи гуруҳи Қашқадарёнинг Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Қамаши, Ғузор ва бошқа туманларида бўлиб, аҳолига кўчат экиш технологияси, дарахтларга шакл бериш, иссиқхоналардан фойдаланиш, интенсив боғларни жорий этиш каби масалаларда кўмак бераяпти, - дейди Фарғона вилоятидаги кўчатчилик, сабзавот ва полиз маҳсулотлари уруғчилигига ихтисослашган Қува илмий-амалий маркази директори ўринбосари Ҳамиджон Усмонов. – Ишчи гуруҳимизга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов раҳбарлик қилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Қашқадарё вилоятида бир йилда хорижга 90 миллион АҚШ доллари миқдорида мева, узум, сабзавот полиз маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, биргина Қува туманининг ўзида 1 йилда 60 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинаяпти. Аҳамиятли томони  шундаки, Қувада ана шу экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг 40 фоизи аҳоли томорқаларида етиштирилмоқда. Бизнинг мақсадимиз Қашқадарёда аҳоли томорқаларида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйишдан иборат. Бунинг учун биз 15 минг тубдан зиёд олма, беҳи, шафтоли, ўрик, гилос, ёнғоқ ва бошқа кўчатларни олиб келиб, аҳоли томорқаларида ўз қўлимиз билан экиб кўрсатаяпмиз.

Қува илмий-амалий марказ раҳбари Зафаржон Мамасолиев фикрларига кўра, Қашқадарёда интенсив боғларни кўпайтириш орқали вилоятда мева етиштириш ва экспортга чиқариш ҳажмини 60 фоизга кўпайтириш имконияти мавжуд.

- Биз Қашқадарёга сафаримиз чоғида жуда кўп хонадонларни ўргандик,  жудаям кўп тажрибали боғбонлар борлигига гувоҳ бўлдик, - дейди Зафаржон Мамасолиев. – Лекин ҳозирги кунда Президентимизнинг талаби интенсив боғдорчиликни кўпайтириш, ерлардан унумли фойдаланишга қаратилган. Мана, масалан, олдинги эски боғларда 1 гектар ерда 350-400 туп кўчат экилган бўлса,  интенсив боғларда 1 гектар ерга 1250-2000 тупгача кўчат экилади. Нави яхши, ҳосилдорлиги юқори, ҳосили экспортга кетадиган ана шу кўчатлар илмий марказимизда етиштиралади ва биз қашқадарёлик боғбонларга шундай кўчатларни етказиб берамиз.  

“Қашқадарёда водий тажрибасини кенг ёйиш” лойиҳаси бўйича водий вилоятларидан келган олиму соҳибкорлар воҳанинг барча туманлари фермерлари,  боғбонлари, аҳоли хонадонлари ва томорқачилари ўртасида ўз тажрибаларини кенг ёйиш борасида иш олиб боришмоқда.

 Фахриддин Бозоров, 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1044
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+