Навбаҳорлик тадбиркорнинг қўшимча 60 нафар иш ўрни яратишига нима халақит беряпти?

02.12.2020, 11:19

Навбаҳорлик тадбиркорнинг қўшимча 60 нафар иш ўрни яратишига нима халақит беряпти?

O'zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши томонидан Навбаҳор туманидаги  “PARADISE GARDEN” МЧЖда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган муаммоларни доимий равишда тизимли ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми ўтказилди.

Тадбирда маҳаллий Кенгашлардаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари, адлия ва  савдо саноат, солиқ қўмитаси, тижорат банклари ҳамда ҳокимлик вакиллари, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш  қабулхонаси вакиллари ҳамда  тадбиркорлар иштирок этди.

Дастлаб O'zLiDeP Навоий вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари М.Эшниёзов сўзга чиқиб, амалга оширилаётган ишлар, кредит масаласида муаммоларнинг тизимли равишда бартараф этилиб борилаётганига қарамай, шу масала билан мурожаатларнинг камаймаётгани, шунингдек, тадбиркорларнинг куз-қиш мавсумида  электр ёки газ муаммосига дуч келиши билан боғлиқ муаммолари кўпайганини айтиб ўтди.

Форумда жойларда йиғилиб қолган муаммолар мурожаатчилар ва тадбиркорлар билан юзма-юз кўриб чиқилди.

Жумладан, Арабхона қишлоғи Кухрон маҳалласида жойлашган  “IMAHA KASABA GRAND ART” МЧЖ раҳбари И.Турдиев МЧЖнинг  ҳозирги кундаги фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 1,5 миллиард сўмлик кредит олиш учун анчадан буён ҳаракат қилаётганига қарамай, ҳали-ҳамон кредит олиш орқага сурилаётганини айтди.

-Ҳамма зарур ҳужжатларни тайёрлаганман. Банк мутасаддилари ҳам, вилоят ҳокимлиги ҳам бундан хабардор. Аммо нимагадир иш олдинга ҳеч силжий демаяпти.  Агар мана шу кредит масаласи ечиладиган бўлса, МЧЖда яратилган 50 нафардан ортиқ иш ўрнини яна 60 нафарга оширган бўлардим,-деди И. Турдиев.  

Чинни буюмларга бадиий безак бериш ва қадоқлашни йўлга қўйган И.Турдиевнинг мурожаати шу жойнинг ўзида “Агробанк”нинг Навбаҳор туман филиали вакили томонидан рўйхатга киритилиб, “Агробанк” республика бошқарувига тадбиркорнинг муаммоси тезроқ ҳал этилишини сўраб хат қилинди.

Шунингдек, Қоражон маҳалласида яшовчи С. Акромова ҳам оилавий шароити оғирлигига қарамай, имконият даражасида ўз уйида нон маҳсулотлари ва қандолатчилик цехини ташкил этганини, келажакда цех фаолиятини кенгайтириш мақсади борлиги ва маблағ билан боғлиқ масалада ёрдам кераклигини билдирди.

Форумда Қоражон маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳ.Бобоқулов ўз мутахассислиги бўйича турар жойига яқин ҳудуддан иш топа олмаётганини айтди. Таклиф қилинаётган ишлар асосан бошқа ҳудудлардан бўлиб, йўл кира ва тушлик чиқимлари ҳисобга олинса, ойлик маоши қониқтирмаслигини билдирди. Мурожаатчининг талаби шу жойнинг ўзида “PARADISE GARDEN” МЧЖ раҳбари, Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Ш. Турдиев  томонидан ҳал этилди.   Фуқаро мазкур корхонага ишга жойлаштирилди.

Бундан ташқари мулоқотлар жараёнида ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёллар томонидан келиб тушган мурожаатларга ҳам  бирма-бир тўхталиб ўтилди,  улардан баъзилари депутатлик гуруҳининг назоратига олинди.

Форум якунида  барча иштирокчилар “PARADISE GARDEN” МЧЖ фаолияти билан таништирилди.

                                                     O'zLiDeP Навоий вилоят

кенгаши матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    683
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+