Судга бўлган ишонч ва ҳурматни юксалтириш – асосий мақсадимиз

07.12.2020, 14:26

Судга бўлган ишонч ва ҳурматни юксалтириш – асосий мақсадимиз

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Сабаби одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка, ноҳақликка чидай олмайди. Демак, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига, қонун устуворлигига ишониши керак.

Бинобарин, адолат устувор бўлган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, эртанги кунга ишонч ортади, халқнинг орзу-истаклари рўёбга чиқади. Шу жиҳатдан партиямиз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган.

Биз судга бўлган ишонч ва ҳурматни юксалтирамиз. Биз учун суд фаолияти ва мустақиллигининг энг муҳим мезони – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоялангани, адолатли судлов таъминлангани, якуний ва барқарор суд қарорларининг қабул қилинганидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган суд-ҳуқуқ соҳасига оид қонун лойиҳалари суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш, унинг жамиятдаги обру-эътиборини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Инчинун, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаларига биноан, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини ташкил этиш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаларида одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, апелляция ва кассация инстанцияларини эса ислоҳ қилиш назарда тутилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, қонун лойиҳалари билан инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Биз судлар фаолияти очиқлиги ва ошкоралигининг кучайтирилиши, “электрон ва рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши, судлар томонидан ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботларнинг халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилиши, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кўчма суд йиғилишлари ўтказилишини – адолатли суднинг гарови, деб биламиз. Зеро, партиямиз сайловолди дастурида суд буйруғи институтини такомиллаштириш, унинг айрим турлари ўрнига судгача ҳал этиш механизмларини жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Хулоса ўрнида айтганда, адолат бўлмоғи учун қонун устуворлиги лозим. Қонун устуворлиги бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди. Мазкур ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса партиямиз илгари сураётган дастурий ғоялар билан тўла уйғун ва ҳамоҳангдир.

 Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари 

  • Кўрилди
    617
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна2020-12-07 14:57:45

Давлатимиз тамонидан кабул килинаетган фармон карорлар ва албатта конунлар энг аввало инсон манфаатларини химоялаш учун халкимиз тинчлиги турмушимиз ободанлигини таьминлашдан иборат. Шунки барча конун хужжатлари Конституциямизга асосланиб кабул килинади. Конституция бу умримиз мазмуни ишончли нурли келажагимизни ифодаловчи дастурий хужжат. Барча юртдошларимизни Конституциямиз кабул килинишига 28 йил тулиши билан УзЛиДеП Тахтакупир туман Кенгаши партия фаоллари номидан кизгин табриклаймиз. Райсимизнинг кенг куламли маколасидан узимизга керак куплаган маьлумотларга эга булдик. Рахмат!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+