Депутат сўровининг натижаси кимга боғлиқ?

09.12.2020, 11:49

Депутат сўровининг натижаси кимга боғлиқ?

Бугун депутатларимизнинг ҳам иш тартиби, аҳолини қийнаётган муаммоларга ёндашуви ҳам бир мунча ўзгарди. “Қуруқ гапдан нарига ўтмаяпти, гапни олиб қочманг”, дея дарров тутақиб кетманг. Чунки бу гапимни бир эмас, бир нечта мисоллар билан асослай оламан.

58-Телпакчинор сайлов округи Сурхондарёнинг олис ва чекка ҳудудларидан бири Узун туманида жойлашган. Ушбу ҳудуддан Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутатлигига Алишер Рузиев сайланган. Депутат бир неча маротаба ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказди, уларнинг муаммоларини, дилидаги гапларини тинглади. Кўтарилган айрим масалалар юзасидан депутатлик сўровлари ҳам чиқарди. “Бўлди депутатлик сўрови чиқарибдими, демак унга жавоб ҳам келмаган, масала ҳам ечилмаган” деб ўйлашга кўпчилигимиз одатланиб қолганмиз. (Чунки бунга амалда кўп бор гувоҳ бўлинган-да). Бироқ, бу гал ундай бўлмади.

Тўғрироғи, депутат бунга йўл қўймади. У ҳар бир сўровнинг жавоби, натижаси билан қизиқди. Мутасаддилардан бунга жўяли жавоб олмагунча ўз ҳолига қўймади.

Яқинда депутат Узун туманидаги мутасадди ташкилотларга юборилган сўровларнинг натижаси юзасидан “Дўстлик”, “Истиқлол”, “Хатиб Қаҳрамон”, “Янги йўл”, “Янги ҳаёт” ва “Тожикобод” маҳалла оқсоқоллари билан учрашди. Унда Узун туманидаги “Сурхондарё сув таъминот” МЧЖ, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, Ҳудудгаз Сурхондарё МЧЖ, мактабгача таълим ва Ободонлаштириш бўлимларининг масъуллари ҳам иштирок этишди.

Унда депутатнинг маҳаллаларда олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар юзасидан чиқарган депутатлик сўровлари натижалари муҳокама қилинди.

Ўзаро муҳокама жараёнида барчаси ойдинлашди. Яъни “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5-сонли “Гулғунча” мактабгача таълим ташкилотида яна 2 та қўшимча гуруҳ очилганлиги, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида мавжуд бўлган 1 та мактабгача таълим ташкилотининг қайта таъмирлаш ишлари 2021 йилда режалаштирилгани маълум бўлди. Бундан ташқари,  “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган артезан қудуғи тўлақонли ишлаши ва аҳолига сув етказиб бериши учун сув минораси учун ўрнатилган трансформаторга 2 дона проходной изолятор ўрнатилиб, шу ҳудудда яшовчи 400 та хўжалик тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилди.

Бундай натижалар O'zLiDeP депутатлари фаолиятида кўплаб қайд этилмоқда. Қолганлари билан ҳам сизларни яна таништириб боришда давом этамиз.

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    706
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+