Спикер ўринбосари янгибозорлик тадбиркорнинг таклифини қўллаб-қувватлади

15.12.2020, 12:16

Спикер ўринбосари янгибозорлик тадбиркорнинг таклифини қўллаб-қувватлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,  O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Янгибозор туманида бўлиб, партия фаоллари, тадбиркорлар, фермерлар ва ёшлар билан учрашди.

Унда Президентимизнинг жорий йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлар ижросини сифатли ва юқори савияда таъминлаш, бунда партиянинг ўрнини кучайтириш ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Янгибозор туманидаги қишлоқ хўжалиги соҳасини ишлаб чиқаришга ўтказиш, 1000 гектарга яқин фойдаланилмай турган ерларда боғ ва узумзорлар ташкил қилиш, 15 мингдан ортиқ аҳоли томорқаларида ҳудудга мос бўлган маҳсулотлар етиштириш лозимлиги таъкидланди.

Ўзаро мулоқотлар чоғида тадбиркор, халқ вакили Э.Маҳмудов туман иқтисодиётининг асосий қисмини аграр соҳадан келадиган даромад ташкил этишини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини этиштиришда ерга ишлов берадиган техникаларни, уларга сервис хизматларини кўрсатадиган шаҳобчаларни кўпайтириш, айниқса, бу борада ҳудудда машина трактор парки фаолиятини қайта йўлга қўйиш зарурлигини билдирди.  

Спикер ўринбосари бу таклифни қўллаб-қувватлаб, қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатадиган сервис марказини ташкил этиш, хориждан ерга ишлов берадиган замонавий мотокультиваторлар олиб келиб, фермер ва деҳқонларни сифатли техникалар билан таъминлаши учун Э.Маҳмудовга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳузуридаги Жамғарма ҳисобидан зарур маблағлар ажратилишини маълум қилди.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида тадбиркор ва ёшларнинг туманни янада ривожлантириш бўйича таклифлари ҳам тингланди. Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган техника таъминотини яхшилаш, далаларда ҳосилдорликка таъсир ўтказадиган зараркунандаларга қарши курашиш, яратиладиган интенсив боғларга малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда маҳаллий боғбонларнинг, ер эгаларининг тажрибасини ошириш жуда муҳимлиги айтиб ўтилди. 

–Сахий заминимизнинг ҳар қаричи олтинга тенг. Шу сабабли бугунги кунда юртимизда интенсив боғлар ва иссиқхоналар ташкил этиш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга катта   эътибор қаратилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитов. – Эътиборли жиҳати, бу маҳсулотларнинг халқимиз эҳтиёжларидан ортгани хорижга экспорт қилиняпти. Албатта, бунда тадбиркорларнинг дунё бозорига эркин чиқишларига имкон берадиган иқтисодий ҳамкор ташкилотларнинг ўрни беқиёсдир. Куни кеча Президентимиз Хоразм вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида расман кузатувчи давлат мақомини олгани ҳақида тўхталиб, бу европа бозорига кириш учун қўйилган муҳим қадам эканлигини таъкидлади. Партиямиз ҳам парламентда Ўзбекистон ЕОИИга киришига ташаббускор бўлиб чиққан эди. Зотан, бу қадам партиямиз асосий электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатига хизмат қилади.

Учрашувда шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ёшлар масаласида билдирган фикрлари, янги қабул қилинаётган қонунлар, қарор ва дастурлар ёшлар билан муҳокама қилиниши, уларнинг таклифлари инобатга олиниши борасидаги мулоҳазалар нечоғлик ўринли эканлиги таъкидланди.  

Тадбир якунида партия дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ партия фаолларига эсталик совғалари топширилди.

 Дурдона ҚАБУЛОВА,

O`zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

 Ташкилий партиявий ишлар

бўлими мудири

  • Кўрилди
    875
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+